12:12 / 27.05.2024
4138

Фон дер Ляйен ЕИни эҳтимолий урушга тайёрланишга чақирди

Европада тинчликни сақлаш учун мудофаага сармоя киритиш керак, деди Еврокомиссия раҳбари. Унинг фикрича, бунинг учун Европа Иттифоқи бюджет маблағларидан фойдаланиш керак.

Фото: EP/Philippe BUISSIN

Европа Иттифоқи эҳтимолий урушга тайёргарлик кўриши ва қўшма қуролланиш бўйича чоралар кўриши керак, деб ҳисоблайди Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен. «Таҳдид қилаётганлар тинчликни хоҳламайди, ҳамма нарсани давом эттиришни истайди», деди у 26 май, якшанба куни Германиянинг Deutschlandfunk радиоси орқали.

Мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш

Аввалроқ Германия Мудофаа вазирлигини бошқарган фон дер Ляйен мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади. «Агар биз қитъамизда тинчликни сақламоқчи бўлсак, мудофаага сармоя киритишимиз керак», деди у. 

Шу билан бирга, Европа Халқ партияси (ЕХП) номзоди сифатида иккинчи муддатга сайланиш ниятида бўлган Еврокомиссия раҳбари «гибрид ҳужумлар», жумладан яқинда Эстония билан чегарадаги белгилар олиб ташлангани, муҳожирлардан Европа Иттифоқи билан қарама-қаршилик воситаси сифатида фойдаланиш ва ижтимоий тармоқлар ёрдамида европаликларни бўлишга уринишларга ишора қилди. 

Европада иш ўринларини яратиш масаласи

Фон дер Ляйен Европа Иттифоқининг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш зарурлиги ҳақида гапирар экан, бу жараённинг Европа иқтисодиётига ижобий таъсирини ҳам қайд этди. Мисол тариқасида у Полша ва Грециянинг биргаликда ҳаво мудофаа тизимини яратиш таклифини келтирди. «Биз сармоя киритган миллиардлаб маблағлар Европада яхши иш ўринларини яратиши муҳим», - дея тушунтирди у. 

Еврокомиссия раҳбарининг сўзларига кўра, мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирларни молиялаштириш ЕИга аъзо давлатлар бадалларидан тушадиган бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши керак.

Европа Иттифоқини тузиш тўғрисидаги келишувлар умумий мудофаа сиёсатини назарда тутади, аммо ҳарбий ва мудофаа мақсадлари учун операцион харажатларни Европа Иттифоқи бюджетидан молиялаштиришни ҳисобга олмаган. 

Top