10:27 / 27.05.2024
5519

ҲАМАС Тел-Авивга тўрт ой ичида биринчи марта ракеталар учирди

ЦАҲАЛ маълум қилишича, Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳдан Тел-Авив ва унинг атрофидаги ҳудудга саккизта ракета учирилган, уларнинг бир қисми уриб туширилган. ҲАМАС ҳарбий қаноти зарба учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

ҲАМАС гуруҳи сўнгги тўрт ой ичида биринчи марта Тел-Авив ва унинг атрофига ракета учирди. 26 май, якшанба куни Тел-Авив марказида бир нечта портлашлар содир бўлди. Соҳил бўйидаги мегаполисни ўраб турган бир қатор шаҳарларда ракета огоҳлантиришлари эшитилди. 

Шифокорларнинг сўзларига кўра, бошпана томон йўл олган икки аёл енгил жароҳатланган. Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳридан Тел-Авив томон саккизта ракета отилганини маълум қилди. Бир нечта ракеталар ракетага қарши мудофаа тизими томонидан тутиб олинди. 

Ҳужум учун жавобгарликни ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти ўз зиммасига олди. Улар Исроилнинг фаластинлик тинч аҳолига қарши ҳаракатларига жавобан Исроил мегаполисига «катта ракеталар» отишганини айтди. Тел-Авив охирги марта 29 январ куни Ғазо секторидан ракета зарбаларига учраган эди. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди. ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 36 мингга яқин фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Top