Европа 2024 йил мартигача бир миллион артиллерия снарядларини етказиб бериш ҳақидаги ваъдасини бажара олмаганининг сабабларидан бири портловчи моддалар етишмаслигидир. Бу ҳақда 26 май, якшанба куни The Economist журнали ёзди.

Нашрнинг эслатишича, март ойи ўрталарида Европа Иттифоқи ўқ-дорилар ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун 500 миллион евро ажратишга рози бўлган. Бироқ, ишлаб чиқарувчилар саноатнинг ўзига хос хусусиятлари, хусусан, хавфсизлик ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг қатъий қоидалари ишлаб чиқаришнинг кескин ўсишига йўл қўймаслигидан хавотирда.

Совуқ уруш тугаганидан кейин талабнинг пасайиши 

Совуқ уруш тугаганидан сўнг, қуролга бўлган талаб пасайиб кетди ва кўплаб портловчи моддалар ишлаб чиқарувчилари ишлаб чиқаришни қисқартиришга ёки ҳатто бутунлай тўхтатишга мажбур бўлишди, дея тушунтиради журналистлар. 

Нашрнинг ёзишича, бугунги кунда Европада фақат бир нечта компаниялар НАТО стандартларига жавоб берадиган юқори энергияли материаллар ишлаб чиқаради. Улардан бири Норвегиянинг Саетр шаҳрида улкан заводга эга Британиянинг Chemring Nobel компаниясидир. Иккинчиси, Швециянинг Карлског шаҳрида йирик заводни бошқарадиган Франциянинг Eurenco компанияси. «Ҳар икки компаниянинг буюртмалар портфели ошди. Eurenco’да у 2030 йилгача тўлган. Саетрдаги Chemring заводи ҳам тўлиқ қувват билан ишламоқда», - дейди нашр. 

Ҳарбий заводларни қайта жиҳозлаш зарурати

«Ўнлаб йиллар давомида ишлаб чиқариш саноат миқёсида эмас, балки тинчлик давридаги самарадорлик учун ҳисобланган», деб ёзади The Economist Мюнхендаги Бундесвер университети профессори Йоханн Хёхерлга таяниб. «Натижада, таъминот занжирида ортиб бораётган талабни қондириш учун жуда кам қувват қолмоқда».

Ўз навбатида, Халқаро стратегик тадқиқотлар институти ходими Тим Лоуренсоннинг таъкидлашича, қайта жиҳозлаш ва реконструкция қилиш заруратидан келиб чиқиб, қуввати камайган заводларда ишлашни тиклаш учун вақт керак бўлади. 

Заводни нолдан қуриш уч йилдан етти йилгача давом этиши мумкин, деб ёзади The Economist. Германиянинг Rheinmetall мудофаа концерни Венгрияда портловчи моддалар ишлаб чиқариш мажмуасини қурмоқда, бироқ ишлаб чиқариш фақат 2027 йилда бошланиши керак, дея эслатади журналистлар. 

Муҳандислар ва хомашё етишмаслиги