Антониу Кошта бу ҳақда 26 август куни Вилнюсда Литва президенти Гитанас Науседа билан учрашувдан кейин маълум қилди.
«Украина қуролли кучларининг жасорати туфайли жанг майдонидаги вазият ўзгармоқда. Россия жиддий ният билан музокаралар столига ўтирмагунча, биз босимни кучайтиришда давом этамиз», деди Европа кенгаши раиси.
Литва Коштанинг Европа Иттифоқига аъзо барча мамлакатлар бўйлаб сафарининг учинчи манзили бўлди. У 26 август кечқурун Ригага йўл олиши, ундан бир кун аввал эса Братислава ва Таллиннга ташриф буюргани айтилган.
Сафар давомида Кошта Европа давлатлари раҳбарлари билан ЕИнинг янги сиёсий мавсумдаги устувор вазифаларини муҳокама қилмоқда.
Таллиннда Европа кенгаши раиси ЕИнинг Украинани қўллаб-қувватлаш стратегиясидаги тўртта асосий йўналишни санаб ўтди.
Биринчидан, Евроиттифоқ Украинага ажратилган 90 млрд евролик кредитдан мамлакатнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ва қиш олдидан энергетика қувватларини мустаҳкамлаш учун фойдаланмоқчи.
Иккинчидан, ЕИ «кўнгиллилар коалицияси» доирасида Киев учун хавфсизлик кафолатларини ишлаб чиқиш устида ишламоқда.
Учинчидан, Россияни тинчлик жараёнида конструктив иштирок этишга ундаш мақсадида унга нисбатан босимни кучайтириш режалаштирилган.
Тўртинчидан, Европа Иттифоқи Украинанинг ЕИга аъзо бўлиш йўлидаги ҳаракатини илгари суришда давом этади.
Украинани қўллаб-қувватлашдан ташқари, Кошта мудофаа, рақобатбардошлик ва Евроиттифоқни кенгайтиришни ҳам асосий масалалар қаторига киритди.
Унинг Европа пойтахтлари бўйлаб ҳозирги сафарида 2028–2034 йилларга мўлжалланган янги узоқ муддатли бюджетга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Кошта Вилнюсда янги бюджетни келишиб олишни ЕИ жорий кузда ҳал қилиши керак бўлган «ҳал қилувчи вазифа» деб атади. Унинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи раҳбарлари 2026 йил охирига қадар келишувга эришиши зарур. Акс ҳолда, 2028 йилда умумевропа дастурларини молиялаштиришда узилишлар юзага келиши мумкин.
ЕИнинг амалдаги етти йиллик бюджети 2020 йилда келишилган. Коштанинг сўзларига кўра, ўшандан бери дунёдаги вазият кескин ўзгарган ва шу сабабли навбатдаги бюджетнинг тузилиши аввалгилардан жиддий фарқ қилиши керак.







