Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан «Дунё» ахборот агентлигига берган интервюсида мамлакатдаги ислоҳотлар, Европа Иттифоқи билан муносабатлар ва Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорлик ҳақида фикр билдирди.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистондаги йирик трансформация жараёнлари 2016 йилдан кейин айниқса жадаллашди. Мамлакат иқтисодий ва халқаро шериклик нуқтаи назаридан дунёга очилди, қўшни давлатлар ва хорижий ҳамкорлар билан алоқалар мустаҳкамланди.

Фон дер Ляйен Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатларини янада яқинлаштиришдаги ролини алоҳида қайд этди. Унинг фикрича, минтақавий ҳамкорликнинг янги асосда тикланиши сўнгги йиллардаги энг муҳим ўзгаришлардан бири бўлди. Европа Иттифоқи бу жараёнларни эътироф этади ва қўллаб-қувватлайди.

«Биз Ўзбекистоннинг Марказий Осиё доирасида минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги ролини юксак қадрлаймиз. Сўнгги йилларда бу борада салмоқли ютуқлар қўлга киритилди», — деди Европа комиссияси президенти.

У сув ва энергетика ресурсларини бошқариш, транспорт ва рақамли ўзаро боғлиқлик, иқлим ўзгариши, чегараларни белгилаш, хавфсизлик ҳамда иқтисодий тараққиёт каби масалалар минтақавий ҳамкорликни талаб қилишини таъкидлади.

Фон дер Ляйен Самарқандда ўтказилган биринчи «Марказий Осиё — Европа Иттифоқи» саммити натижасида томонлар ўртасида стратегик шериклик йўлга қўйилганини ҳам эслатди. Унинг сўзларига кўра, транспорт, муҳим хомашё, сув, энергетика, иқлим ва хавфсизлик каби йўналишлардаги ҳамкорлик учун ЕИнинг Global Gateway ташаббуси доирасида 12 миллиард евро кўзда тутилган.

Европа комиссияси раҳбари Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликка ҳам тўхталди. 2025 йил октябрда президент Шавкат Мирзиёевнинг Брюсселга ташрифи чоғида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланган. Ҳужжат сиёсий мулоқот, савдо ва инвестициялар, барқарор ривожланиш, тадқиқот ва инновациялар, таълим ҳамда атроф-муҳит каби йўналишларда янги имкониятлар яратади. ЕИ, шунингдек, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини қўллаб-қувватламоқда.

Транспорт соҳасида Транскаспий транспорт коридорига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Фон дер Ляйен Ўзбекистон Марказий Осиёни Европа билан боғловчи ушбу йўналишни ривожлантиришда ҳал қилувчи ўрин тутишини айтди. 2024 йилда Европа Иттифоқи — Марказий Осиё транспорт инвесторлари форумида коридорни ривожлантириш учун 10 миллиард евро жалб қилиш мажбурияти олинган, 2025 йил охирига келиб эса унинг қарийб 2,5 миллиард евроси аниқ лойиҳаларга йўналтирилган.