15:57 / 29.05.2024
8391

1 октябрдан бери АҚШ чегарасида қарийб 3 минг нафар ўзбекистонлик ушланган

2023 йилнинг 1 октябридан бугунги кунга қадар АҚШнинг жанубий чегарасини 57 минг 200 нафар ноқонуний мигрант кесиб ўтган. Уларнинг 2900 нафарини Ўзбекистон фуқаролари ташкил этади.

Фото: Reuters

2023 йилнинг 1 октябридан бери АҚШнинг жанубий чегарасидан 57 минг 200 нафар ноқонуний мигрант ўтиб, Калифорния штатигача етиб олишга уринган. Уларнинг 2900 нафарини Ўзбекистон фуқаролари ташкил этади. Бу ҳақда Fox News мамлакат Чегара-божхона хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар берди.

Қайд этилишича , қўлга олинганларнинг 27 минг 583 нафари хитойлик, 8,9 минг нафари ҳиндистонлик, 7,8 минг нафари туркиялик, 4,4 минг нафари мавританиялик, 3 мингга яқини ветнамлик, 5,6 минг нафари эса гвинеяликдирдир.

Маълумот учун, 2021-2023 йиллар оралиғида Ўзбекистоннинг 13,6 минг нафар фуқароси АҚШга Мексика орқали ноқонуний киришга уринган. Бу борадаги рўйхатда 30,8 минг киши билан Туркия ва 15,5 минг киши билан Мавритания етакчи, Миср ва Покистонни ортда қолдирган Ўзбекистон учинчи ўринда қайд этилганди.

Ўзбекистонлик ноқонуний меҳнат муҳожирлари асосан «Ўзбекистон – Туркия (Испания) – Боливия – Колумбия – Мексика – АҚШ» йўналиши бўйича Қўшма Штатларига киришга ҳаракат қилган.

Аввалроқ, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси Мексика орқали ноқонуний кирмоқчи бўлган Ўзбекистон фуқаролари эндиликда мамлакатга қўйиб юборилмаслиги ва иммиграция иши ҳал бўлгунича ҳибсда сақланиши ҳақида огоҳлантириш билан чиққанди.

Top