Ижтимоий тармоқларда бола ўғирланиши ҳақидаги хабар пайдо бўлмоқда. Бундай хабарларга одамлар одатда тез ишонади, гуруҳларда тарқатиб, саросималарга сабаб бўлишмоқда. Хўш, бола ўғрилари чиққани ростми? Kun.uz мавзу бўйича ИИВ Тезкор-қидирув департаменти ходими, капитан Шокиржон Ҳошимов билан суҳбатлашди.
— Халқимизда шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди, деган мақол бор. Ҳозирги кунда бола ўғрилари ҳақидаги хабарлар тарқалишига асосий сабаб нима? Бу хабарлар қанчалик рост?
— Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда, айниқса Тelegram-каналларда бола ўғрилари ҳақида, бирор видеога бола ўғрилари ушлангани ҳақида изоҳлар ёзиб тарқатиляпти. Асосан аёллар томонидан боғча опаларга ёки бошқалар мурожаат сифатида «бола ўғрилари пайдо бўлибди, эҳтиёт бўлинглар», қабилида ёзилган хабарлар тарқаляпти. Ижтимоий тармоқларда чиққан аудио, видеохабарлар ИИО ходимлари томонидан доимий назорат қилиб борилади. Сўнгги йилларда 20 га яқин шундай аудио/видео хабарлар тарқаган ва бирортаси ўз тасдиғини топмаган. Фуқаролар томонидан маҳаллаларига кирган бегона шахслардан гумонсираб видео тарқатган ҳолатлар кўп учрайди, лекин бола ўғирлашга алоқаси йўқ бу ҳолатларнинг.
Турли аудиохабарлар тарқатаётганлар шунчаки огоҳликка чақираётган бўлади ёки шубҳаларига ойдинлик киритмасдан тарқатган бўлади.
— Сўнгги хабарларга эътиборимизни қаратсак. Масалан, Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида, Сурхондарёнинг Қумқўрғон туманидаги ҳолатларда нима бўлган аслида?
— Фарғонадаги ҳолатда катта ёшли шахс ёш болани машинасига чиқариб олгани тасвири тарқаган. Кўрган одамда ўғирлаб кетяпти, деган тушунча бўлади. Ушбу ҳолатда машинасига тош отган қўшнисининг боласига дакки бериш мақсадида машина юкхонасига олиб чиқади, шунда боланинг онаси чиқиб ўртада тортишув келиб чиқади. Машина эгасига маъмурий жазо қўлланган.
Қумқўрғондаги ҳолатда эса ўша ҳудудда савдо қилиб юрган молдоваликлар билан маҳаллий аҳоли ўртасида келишмовчилик келиб чиққан ва бу тасвирга олиниб, бола ўғриси ушланди, деб хабар тарқатилган. Икки ҳолат ҳам ўрганилиб, изоҳлар нотўғри экани тасдиқланган.
— Бола ўғрилари йўқ бўлса, нега тез-тез бола ўғрилари билан боғлиқ хабарларга дуч келяпмиз?
1 Фото: Kun.uz














