Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Францияда олимпиада вақтида теракт уюштиришни режалаштирган чеченистонлик қўлга олинди
Франция хавфсизлик хизматлари Сент-Этендаги «Жоффруа Гишар» стадионида томошабинларга қарши режалаштирилган ҳужумнинг олдини олишга муваффақ бўлди. Бу Париждаги Олимпиада ўйинлари пайтида тўхтатилган биринчи ҳужум режасидир, дея таъкидлади Ички ишлар вазирлиги.
Франция Ички ишлар вазирлигининг ички хавфсизлик бош бошқармаси Париждаги ёзги Олимпия ўйинлари вақтида теракт тайёрлашда гумон қилинган 18 ёшли чеченистонликни қўлга олди. 31 май, жума куни вазирлик матбуот хизмати тарқатган баёнотда айтилишича, матнда исми кўрсатилмаган йигит шаҳардаги «Жоффруа Гишар» стадионида теракт содир этмоқчи бўлган. Ушбу ҳужумнинг нишонлари футбол ўйини пайтида томошабинлар ва полиция бўлиши керак эди.
Жиноятчи деб тахмин қилинган шахс 22 май куни қўлга олинди, тўрт кундан сўнг унга жиноий-террорчилик ҳамжамияти раҳбари сифатида айблов эълон қилинди ва ҳибсга олинди, деб хабар бермоқда BFM TV телеканали Миллий аксилтеррор прокуратурасига таяниб. Телеканал маълумотига кўра, йигит Францияга ота-онаси билан 2023 йилда келган.
Франция Ички ишлар вазирлиги бу 26 июлда бошланадиган «Олимпиада ўйинлари давомида тўхтатилган биринчи ҳужум режаси»лигини ва 2017 йилдан бери Франция полицияси томонидан барбод қилинган 50-теракт режаси эканлигини таъкидлади.
Ўйинларда хавфсизлик чоралари кучайтирилиши кутилмоқда
Радикаллар аллақачон Парижда бир нечта терактлар уюштирган, уларнинг энг йириги 2015 йил 13 ноябрда 130 кишининг ҳаётига зомин бўлган, деб эслайди AFP. Франция расмийлари аввалроқ Украина ва Ғазо секторидаги урушлар Олимпиада вақтида зўравонликларга олиб келиши мумкинлигидан хавотир билдирган эди.
Франция президенти Эммануэл Макрон апрел ойи ўрталарида Олимпиада вақтида Россиянинг Украинага қарши уруши, шунингдек, бошқа ҳарбий можаролар, хусусан, Яқин Шарқ ва Судандаги жанговар ҳаракатлар тўхтатилишига умид билдирди. У, шунингдек, бўлажак ёзги ўйинлар вақтида «Олимпиада сулҳига эришиш учун ҳамма нарсани қилиш» ниятида эканини айтди.
2024 йилги ёзги Олимпия ўйинлари 26 июлдан 11 августгача бўлиб ўтади. Мусобақалар асосан Парижда ўтказилади, аммо баъзи спорт турлари бўйича улар бошқа шаҳарларда ташкиллаштирилади. Жумладан, Сент-Этен шаҳридаги «Жоффруа Гишар» стадионида олтита футбол учрашуви режалаштирилган. 2024 йилги Олимпиадада 10 миллион меҳмон ва 10 минг спортчи қатнашиши кутилмоқда.
Мавзуга оид
20:54
Францияда парашютчилар мактабига қарашли самолёт қулаши оқибатида 11 киши ҳалок бўлди
10:27 / 27.06.2026
Ўзбекистонда Франция визаси учун воситачиларсиз ҳужжат топшириш имконсиз бўлиб қолгани айтилмоқда
18:00 / 25.06.2026
Франция яна Россия «яширин флоти»га мансуб танкерни қўлга олди
22:51 / 21.06.2026