09:00 / 01.06.2024
14218

Ғарб давлатлари Украинага Россия ҳудудига ҳужум қилишга рухсат берди

Россия жанубий ҳарбий округда тактик ядро машғулотларини ўтказар экан, Ғарбнинг 11 давлати ўзлари юборган қуроллар билан Россия ҳудудига зарба беришга рухсат беряпти. Бу эса можарода янги саҳифа очилишидан дарак. "Геосиёсат" мавзу атрофидаги динамик ўзгаришлар билан боғлиқ саволлар юзасидан сиёсий таҳлилчилар Ойбек Сирожов ва Камолиддин Раббимовга юзланди

— Ғарбнинг 11 давлати Украинага ўзлари етказаётган қурол билан Россия ҳудудига зарба беришга рухсат берди, бу қарор жанг майдони ва фронт орти сиёсатга қандай таъсир қилади?

Ойбек Сирожов: — Жараён мураккаблашяпти. Икки давлат раҳбарлари турли давлат ташрифлари ўтказяпти, тинчлик саммити кутяпти яқинда, кимдир урушни тўхтатиш ҳақида ўйлаяпти, кимдир янги босқичга олиб чиқмоқчи. Нега бундай мураккаблик бўляпти? Европа давлатларининг Украинага берилган қуроллардан Россия ҳудудига ишлатишга рухсат бериш масаласи бўляпти. Бу ерда 2 та масала бор. Бу нарса фронт учун аҳамият касб этмайди, чунки асосан ички ҳудудларга йўналтирилади. Шу пайтгача Украинада Россия ичкарисига кириш учун икки хил восита бор эди: бири дронлар, иккинчиси чегарадош ҳудудларда турли кучлар кириши. Бу орқали Россия халқида ваҳима уйғотиш мақсад қилинганди, бу тенденция бугун ҳам бор. Бу уруш гибрид уруш, шу сабаб фронт ортидаги вазият, жамият кайфияти муҳим. Россия жамияти урушни бевосита ҳис қилгани йўқ, шуни ҳис қилдириш ҳукуматга босим ўтказиш учун муҳим рол ўйнайди. Россия қўшини Брянскка кириш мумкин бўлган Харков томонда фронт очди, яъни Украинадан дрон учириш, зарба бериш имкониятини чеклаш учун.

Олдин дронлар учирилган бўлса, энди ракеталар масаласи бўляпти, бунинг оқибати жиддий бўлади, чунки вайронкорлик кучи катта ракетанинг. Ғарб рухсат беришда фақатгина ҳарбий ҳаракатлар билан боғлиқ объектларга зарба бериш керак деган шарт қўйяпти.

Украина томонидан Россия ҳудудига зарба бериш салоҳиятига эга қандай қурол турлари мавжуд?

Ойбек Сирожов: — Британиянинг Storm shadow ракетаси бор. Асосан Европада 3 хил ракета бор, Франциянинг 400 кмга учувчи ва Германиянинг кучли 500 кмга учувчи ракеталари ҳам бор, бу ракетага 2 та каллак жойлаштириш ва иккита нишонга зарба бериш мумкин. Лекин Германия буни бериш-бермаслиги сўроқ остида.

— Россия бу қарорнинг эҳтимолий амалга ошишига қандай жавоб бериши мумкин?

Камолиддин Раббимов: — Путин Тошкентга сафари сўнгидаги матбуот анжуманида шу саволга жавоб берди. 11 давлат дейиляпти, лекин 27 май кунги НАТО саммитида 24 та давлат бунга рухсат беришини айтди, 8 таси қарши бўлди. Путин айтдики, Украина Россия ҳудудига узоқ масофали ракета учира олмайди, бунинг учун ракета берган давлатлар юқоридан кординация қилиб туриши керак, деди. Европа давлатлари кичик, аҳоли зич, биз аниқ зарбалар бера оламиз, деб таҳдид ҳам қилди. Россияга зарба беришга қарши бўлганлар асосан Германия ва Италия. Франция ва Англия эса бевосита ҳужум бўлиши керак деяпти. Россия бу рухсат беришни қизил чизиқни кесиш деб талқин қилди ва бундай қилганлар пушаймон бўлади, деди. АҚШ ўйланяпти бу масалада. Қарши ҳам чиқмади, қўлламаяпти ҳам. 24 та НАТО аъзоси рози бўлиши АҚШнинг ҳам билвосита розилигини англатади, назаримда.

Ўтган йили Украина Россия нефт объектларига ҳужум қилгач, АҚШ вице-президенти бундай қилманг, деб огоҳлантирганди. Чунки бу нефт бозорида беқарорликка олиб келиши мумкин эди.

Бугун 3 та омил бор. Ҳозир урушда ташаббус Россия томонида. Қурол-яроғ кеч етиб келяпти, урушдан чарчаш бор, инсоний ресурслар етмаяпти. Иккинчиси яқинда бўладиган Швейцариядаги тинчлик саммити, Туркия фикрича бу саммит кўпроқ НАТОни бирлаштириш саммити. Учинчиси АҚШдаги сайлов. Бунгача аниқ бир лойиҳалар йўқ. Швейцариядаги саммитда ягона позиция ишлаб чиқилади ва кейинги саммитга Россия таклиф қилиниши мумкин.

Ойбек Сирожов: — Россия урушда устун келяпти. Бу уруш ўзи ҳолдан тойдирувчи уруш ҳисобланади, айнан ҳудуд учун эмас. Украинада муаммолар бор, ҳукумат легитимлиги, қўшинларни тўлдириш каби. Ҳозир янги қуроллар бериб, мавжуд фронт чизиғи ушлаб қолинмаса, муаммолар бўлади. Россия Харкивда фронт очганига сабаб Украина қўшинини бўлиб шу томонга жалб қилиш. Шу жиҳатларга кўра адекват йўл тутиляпти. Агар Россияга ракета зарбалари бўлса, Россия ўзининг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини қайта кўриб чиқишига тўғри келади.

Швейцариядаги саммит тинчлик музокараси учун биринчи қадам бўлади. Шунгача Россия ҳам ўзининг тарафдорларини кўпайтириб, музокаралар столига қўядиган воситаларни орттирмоқчи.

Саммитда 3 асосий масала қўйилади: ядровий хавфсизлик, асирларни алмаштириш, озиқ-овқат хавфсизлиги. Украина урушини қайсидир маънода қўллаётган глобал жануб ҳисобланади, лекин глобал жануб ҳар қандай шароитда ядро қуроли ишлатмаслик керак, дейди. Россия ядро қуроли омилини олиб чиқаверса, Ғарб Россия шу даражага келди, деб босим қилиши мумкин глобал жанубга.

— Украинанинг Ғарб қуроллари орқали Россияга зарба бериши халқаро ҳуқуқ ва уруш қоидаларига қанчалик мос?

 Ойбек Сирожов: — Бу урушда халқаро ҳуқуқ ишлаяпти, деб бўлмайди.Уруш ҳалигача ҳарбий операция дейиляпти, чунки уруш эълон қилса, халқаро судга тортилади. Шунинг учун бу урушда маълум меъёрларга амал қилиш масаласи мураккаб.

Камолиддин Раббимов: — Қрим аннексиясини Россиянинг энг яқин иттифоқчилари ҳам тан олмаган. Халқаро қонунчиликка кўра, ядровий таҳдид, ишлатиш ман қилинган. Бугун камида 9 та давлатда ядро қуроли бор. Ядровий уруш оқибати қандай бўлишини инсоният тасаввур қилолмайди. Ядро бомбани тактик ёки стратегик ишлатиш мумкин.

Венгрия бош вазири Орбан айтдики, уруш бошланса, бу Европага қимматга тушади, деб. Россия, албатта, ишлатади, деган ишонч бор унда. Бу билан Россия пропагандасига ёрдам бериб юборди.

Ойбек Сирожов: — Нега Байден вазмин бу масалада? У катта тажрибага эга сиёсатчи. Ядро қуролини қисқартириш шартномалари бўлган пайтда ҳам иштирок этган, масъуллардан бўлган. У ядро қуролининг имкониятларини, жараён нима билан тугашини билади. Унинг масъулияти ҳам бор.

— НАТО ва Европа Иттифоқи мазкур қарор атрофидаги позицияси бир хилми?

Ойбек Сирожов: — ЕИда қўллаган давлатлар НАТОда ҳам қўллаяпти. Асосий қарор қабул қилувчи АҚШ сукут сақлаяпти ҳозирча. Яна бир масала бор бу ерда. Яқинда саммит бўлади, шу доирада икки томонни яқинлаштириш масаласи бўлади. Ғарбнинг ҳозирги ҳаракатлари Россияни ўйлаб кўришга мажбур қилади.

Путиннинг охирги баёнотларига қарасак, Путин сулҳ тузишга рози. Биз тайёрмиз, лекин Украина тайёр эмас, деяпти. Ғарб учун ҳам биз розимиз деган сигнал бу. Россия Украинани бутунлай босим олмоқчи, деган фикрларга қўшилмайман. Чунки уни кейинчалик бошқариб бўлмайди, муаммолар туғдиради. Путин англадики, Украинани бутунлай эгаллаб назорат қилиш имконсиз ва шунинг учун келишувларга рози. Истанбул келишувларида асосий масала ҳудуд эмас, Украина нейтралитети масаласи.

Швейцариядаги саммитдан кейин яна бир саммит бўлиб, унда Россия томони ҳам иштирок этиши айтиляпти ОАВда. Шу нарсага ҳам алоҳида эътибор бериш керак.

— Бу қарор НАТО ва Россиянинг де-факто тўқнашувига айланиши мумкинми?

Камолиддин Раббимов: — Тўғридан тўғри тўқнашув дегани эмас, Россия шундай талқин орқали босим қилмоқчи. Путин Россияга ракеталар учирилса, буни ўша ракета берган давлатлар қилган бўлади, Украинанинг ўзи қилолмайди, деди. Украина аввало Россия армиясининг фронт орти билан занжирини узиш, жанубий ҳарбий округига зарба бериш ҳақида ўйлаётган бўлиши мумкин. Тўғридан тўғри катта шаҳарларга ҳужум бўлиши эҳтимоли кам, чунки бу нарса Россия жамиятини Украинага қарши уйғотиши мумкин. Тактик ядро қуроли ишлатишгача олиб бериши мумкин бундай ҳаракат.

— F16 қирувчилари қачон берилади?

Ойбек Сирожов: — Ёзда, узоғи кузда F16 қирувчилари берилади, деган хабарлар бор. Умумий сони 80 тага яқин. Бу урушга таъсир қилади, Украинанинг нозик томони ҳаво мудофааси бўлиб турибди. F16 берилса, Россиянинг авиабомбалардан фойдаланиш имконияти чекланади.

Бу F16'лар қайси аэродромлардан учади, деган масала ҳам бор. Россиянинг ракета зарбаларига учраган аэродромлари F16'лар учун мўлжалланган эди. Украинанинг бу борада имкониятлари чеклаган. F16'лар Украина атрофидаги давлатларда жойлашади деган тахмин ҳам бор. Амио оқибатда ўша давлатлар ҳам Россия нишони бўлиши мумкин.

Бугун Ўзбекистон манфаатлари нуқтаи назаридан ҳеч бўлмаса урушни музлатиш тўғри бўлади бизга. Халқаро ҳамжамият шунга эътибор қилиши керак. Муҳими, қурбонлар бўлмайди, ҳарбий ҳаракатлар йўқ, кейин музокаралар билан келишаверишади ҳудудларни. Шундай бўлса мақсадга мувофиқ бўлади деб ўйлайман.

Камолиддин Раббимов: — Постсовет ҳудуди давлатлари манфаатига Украинанинг ерлари қайтарилиши тўғри келади, гарчи буни очиқ айтмаса ҳам. Чунки дунёда бошқа давлат ҳудудини босиб олиш тенденцияси бошланса, дунёда бетартиблик бўлади, 19-асрдагидек ҳолат пайдо бўлади. Россиянинг бу ҳаракатлари муваффақиятли бўлса, янги тартибсизлик бўлади дунёда. Хитойнинг иддаолари бор, Ҳиндистон-Покистон масаласи бор ва бошқа кўплаб шундай муаммолар.

Украина заифлашуви катта муаммо постсовет давлатлари учун. Аммо Украина ҳам хатолар қилди, масалан, 7 октябрдан кейин Зеленский тўлиқ Исроил тарафида бўлди. Кейин бу масалага аралашмади бошқа, аммо ғишт қолипдан кўчган эди.

Ойбек Сирожов: — Ўз принципларига қарши чиқиб, яна бир агрессор давлатни қўллади Зеленский.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top