Жаҳон | 12:00 / 05.06.2024
3040
3 дақиқада ўқилади

Россия Тергов қўмитаси Андрей Макаревични экстремизм иши бўйича текширмоқда

Текширувга мусиқачи ва телефон пранкери ўртасидаги суҳбат сабаб бўлган. Суҳбатда Макаревич ўзини Россиядан ҳимоя қилаётган Украинага ғалаба тилашини айтган.

Фото: Фото: Александр Миридонов / Коммерсантъ

Россия Тергов қўмитаси (РТҚ) «Машина времени» гуруҳи етакчиси Андрей Макаревичнинг сўзларида экстремистик ҳаракатларга оммавий чақириқлар мавжудлиги бўйича терговга қадар текширув бошлади, деб хабар берди ТАСС агентлиги 4 июн, сешанба куни ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбага таяниб.

Агентлик суҳбатдошининг сўзларига кўра, терговга мусиқачининг ўзини Украина президенти Володимир Зеленский деб таништирган телефон пранкери билан суҳбати сабаб бўлган. Суҳбат давомида Макаревич Украина президентига «буларнинг барчасига бардош беришни, омон қолишни ва барчани мағлуб этишни» тилади. 

Суҳбат ёзуви кремлпараст пранкерлар Вован ва Лексус (уларнинг асл исмлари - Владимир Кузнецов ва Алексей Столяров) томонидан нашр этилган, шундан сўнг «Россия фахрийлари» жамоат ҳаракати раҳбари Вадим Мироненко Макаревичга қарши ариза ёзган. «Экстремистик фаолиятга оммавий чақириқ» моддаси бўйича жазо беш йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутади. 

Андрей Макаревич «чет эл агенти» деб тан олинган

2022 йил кузида Андрей Макаревич биринчи бўлиб «хорижий таъсир» туфайли «чет эл агенти» сифатида тан олинди. Россия Федерацияси Адлия вазирлиги бундай «таъсир»ни Макаревичнинг украиналик журналист Дмитрий Гордон ва «Дождь» телеканалига берган интервюсида пайқаган, у ерда мусиқачи Украинадаги уруш ҳақида гапирган.

Россия Адлия вазирлиги, шунингдек, Макаревич ўзининг Telegram-каналида Россия расмийлари қарорлари ҳақида мунтазам равишда салбий шарҳлар тарқатиб, уларни ҳарбий жиноятларда айблашини маълум қилди.

Андрей Макаревич «чет эл агенти» деган маркировкани кўрсатмагани учун икки марта жаримага тортилди. Сўнгги йилларда у Исроилда яшаяпти. 

Борис Акунинга қарши иш

Декабр ойида пранкерлар Вован ва Лексус Зеленский номидан ёзувчи Борис Акунин билан суҳбат ёзилган ёзувларни чоп этишди. Шундан сўнг, Акунинга қарши Россия армияси ҳақидаги фейклар ва терроризмни омма олдида оқлаш ҳақидаги моддалар бўйича жиноий иш очилди. Бир қатор рус театрларида Акунин асарлари асосида спектакллар бекор қилинди ва ёзувчининг китоблари сотувдан олиб ташлана бошлади. 

Борис Акунин Россия сиёсатини бир неча бор танқид қилиб, Украинадаги урушни қоралаган. 2014 йилдан бери у Лондонда яшайди. Акунин, шунингдек, Россия Адлия вазирлиги томонидан «чет эл агентлари» рўйхатига киритилган. Россия Ички ишлар вазирлиги уни қидирувга берган. 

Мавзуга оид