4 июн куни ЖСТ бош директори Нгози Оконжо-Ивеала Ўзбекистонга келди. 5 июн куни эса Тошкент шаҳрида, Hilton меҳмонхонасида “Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотлар ва Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни” мавзусидаги конференцияда иштирок этди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
Тадбирда Ўзбекистон президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева, бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш бўйича бош музокарачиси, президентнинг ЖСТ масалалари бўйича вакили Азизбек Ўрунов, президент маслаҳатчиси Равшан Ғуломов, Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ҳамда Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси вакиллари иштирок этди.
Конференцияда сўзга чиққан ЖСТ бош директори Нгози Оконжо-Ивеала ташкилотга 3 йил олдин директор этиб тайинлаганидан бери Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини яқиндан кузатаётганини таъкидлади.
“Куч-қувват ва жасоратни қадрлайман, бу – аъзолликка даъвогар давлатлар орасидан биринчи бўлиб ташриф буюришга Ўзбекистонни танлаганимнинг сабабидир. Ҳукуматга бу билан қўллов-қувватловимни кўрсатмоқчи бўлдим, сиз аъзолик жараёнларида дуч келаётган қийинчиликларни рақамлар тасдиқлаб турибди. Аъзолик жараёнлари қайта тикланганидан кейин 4 йил ўтди. 15 йиллик жараёнлардан кейин, охирги 18 ойда музокаралар жадаллашди”, – деди ЖСТ бош директори.

Унинг таъкидлашича, ҳозирда ЖСТга аъзо бўлишга 22 та давлат номзодлик қилмоқда. Нгози Оконжо-Ивеала ҳар бир давлатнинг аъзо бўлиш жараёни ўзига хос бўлса-да, жараённи муваффақиятли амалга ошириш учун 5 та асосий компонент зарурлигини таъкидлади. Булар:
- кучли сиёсий ирода;
- идоралараро мувофиқлаштиришнинг самарали механизми;
- малакали бош музокарачи бошчилигидаги меҳнатсевар техник музокарачилар гуруҳи;
- ҳамкорларнинг қимматли ёрдами;
- амалий ҳаракатларнинг вақтларини белгиловчи йўл харитаси.
Нгози хоним бу компонентларнинг ҳар бирига алоҳида тўхталди.
“Биринчидан, сиёсий ирода. Ўтган ўн икки ой давомида мен Ўзбекистон президенти жаноби олийлари, президент ёрдамчиси ва бош вазирнинг икки ўринбосари, шунингдек, Женевада бош музокарачи ва элчилар билан учрашдим. Уларнинг мессежи аниқ: ЖСТга аъзо бўлиш – ҳукуматнинг устувор йўналиши. Бу қўшилиш жараёнини якунлаш учун энг муҳим таркибий қисм.
Иккинчидан, аъзо давлатлар билан музокаралар. Ички ҳолат қатъийроқ. Яхши фаолият юритаётган ички мувофиқлаштирувчи музокаралар аъзолик сифати ва изчиллигини белгилайди. Шу сабабли бош вазир ўринбосари, Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзолиги бўйича комиссия раҳбарининг охирги 3 та ишчи гуруҳида доимий қатнашиши ЖСТ аъзоларининг ишончини оширишда муҳим бўлди.


















