БМТТДнинг “Ўзбекистонда энергия тежамкор қишлоқ уй-жойлари қурилишини ривожлантиришга кўмаклашиш” лойиҳаси асосида энергия сарфи 0 га тенг бўлган хонадонларни қандай яратиш юзасидан тавсиялар ва тажрибалар билан таништиришда давом этамиз. Энергия сарфини минималлаштириш ва бунда хотин-қизлар учун имтиёзли субсидиялар ҳақида маълумот берамиз.
Энергия тежамкор уйлар атмосферага зарарли чиқиндиларни камайтириб, ҳар бир инсоннинг атроф-муҳитни асрашдаги ҳиссасини оширади. Хотин-қизлар, айниқса оналар учун бу жуда муҳим, чунки улар келажак авлодлар учун соғлом ва хавфсиз муҳитни таъминлашни истайдилар. Энергия сарфи нолга тенг бўлган уйлар, ҳамма зарур энергияни қайта тикланувчи манбалардан олишга қодир “экобино”лар ҳисобланади. Бундай уйларни қуришда ишлатиладиган материаллар юқори изоляцион хусусиятларга эга бўлиши керак. Жумладан, деворлар ва томлар учун қўлланадиган материаллар иссиқликни сақлашда самарали бўлиши, дераза ва эшиклар эса икки ёки уч қаватли ойнадан ясалган бўлиши талаб қилинади. Шунингдек, уйнинг барча элементлари ҳаво ўтказмаслиги ва энергия самарадорлиги юқори бўлган ускуналар билан жиҳозланиши зарур. Энергия сарфини минималлаштириш учун энергия самарадорлиги юқори бўлган ҳолда лойиҳалаштириш муҳимдир.
Хўш, энергия сарфи 0 га тенг бўлган уй қандай қурилади?
Бу борада ечимни архитектор билан маслаҳатлашган ҳолда топиш мумкин. Масалан, қуёш нурининг тўғри тушиши ҳам уй иқлими учун муҳим ҳисобланади. Мутахассислар Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида намуна сифатида қурилган энерготежамкор уй мисолида буни кўрсатиб беришди.
“Агар уйимиз яхши исишини истасак, қуёш тўғри тушадиган томонига максимал каттароқ деразалар ўрнатиш керак. Агар иссиқ иқлимли ҳудуд бўлса, унда қуёш нури кўп тушадиган томон девори ингичкалаштирилиб, қуёш тушмайдиган қилиб чўзилади. Бу жойлашув ечими билан ҳам самарадорликни маълум миқдорда сақлаш мумкин.
Уй девори ташқи томондан 10 см минерал пахтали иссиқлик изоляцияси билан қопланган. Унинг устидан эса шамол ва сувдан ҳимоя қатлами ишлатилган ва пардозланган. Хоналарда мўътадил ҳароратни сақлаш учун эса шифтнинг баландлиги муҳим рол ўйнайди. Шифт қанчалик баланд бўлса уни иситиш шунчалик қийинлашади. Ташқи изоляциядан фойдаланган бўлса ҳам, ҳажм катта бўлса иситиш катта энергия сарфини талаб қилади. Бу эса ортиқча харажатларга олиб келади.
Агар хона деразалари жанубга қараган бўлса кичикроқ, шимолга қараган бўлса каттароқ қилиб лойиҳалаш керак. Сабаби – жанубдан кўпроқ ёруғлик тушади. Бу хонани иситишда катта аҳамиятга эга. Деразанинг майдони хона майдонига тўғри танланган бўлиши керак, чунки бу иссиқлик ва совуқликни кўпроқ назорат қиладиган конструктив элемент ҳисобланади. Дераза танлашда эса, қалин пластик профилдан ясалган, уч қават ойнали бўлса мақсадга мувофиқ”.













