10:26 / 11.06.2024
3624

Жанубий Корея КХДР чегарасида огоҳлантирувчи ўт очди

Шимолий Корея ҳарбийлари Жанубий Корея давлати билан чегарани қисқа муддатга бузди. Огоҳлантириш ўқларидан сўнг улар КХДР томонига қайтишди.

Фото: AFP 2024 / Ed Jones

Шимолий Корея аскарлари икки Корея чегарасини қисқа муддатга кесиб ўтганидан сўнг Жанубий Корея ҳарбийлари огоҳлантирувчи ўқ узди. Бу ҳақда 11 июн, сешанба куни эрталаб Жанубий Корея қуролли кучлари штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси (ШББҚ) маълумотларига таяниб, Жанубий Кореянинг «Рёнхап» ахборот агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, Шимолий Корея аскарлари гуруҳи 9 июн куни маҳаллий вақт билан соат 12:30 лар атрофида чегаранинг марказий қисмида икки Кореяни ажратувчи демилитаризация зонаси доирасидаги демаркация чизиғини кесиб ўтган. 

Овоз кучайтиргичлардан огоҳлантириш ва огоҳлантирувчи ўқлардан сўнг Шимолий Корея ҳарбийлари чегаранинг ўз томонига қайтди. Шундан сўнг, ШББҚ маълумотига кўра, «ғайриоддий фаолият бошқа» кузатилмаган.

Икки Корея чегарасидаги овоз кучайтиргичлар КХДР пропагандасига қарши кураш воситаси сифатида 

Жанубий Корея 9 июн куни Шимолий Корея билан чегарада ўрнатилган овоз кучайтиргичлар орқали эшиттиришлар узатишни қайта бошлади, деб хабар берди Жанубий Корея президенти маъмурияти. КХДРнинг чегарадош ҳудудлари аҳолиси Шимолий Корея цензураси назорати остида бўлмаган янгиликлар ва бошқа эшиттиришларни эшитишлари мумкин бўлади.

Сеул расмийлари бу қарорни Шимолий Кореянинг давом этаётган «чиқинди ҳужумлари»га жавоб деб атади. Май ойининг охиридан бери Шимолий Корея Жанубий Корея томон 1000 дан ортиқ шарларни учирди, уларга ҳожатхона қоғози, пластик бутилкалар, батарейкалар, пойабзал қисмлари ва гўнг тўлдирилган чиқинди қоплари боғлаб қўйилган.

Пхенян, ўз навбатида, бундай ҳаво шарлари учирилиши Жанубий Кореянинг аввалги ҳаракатларига жавоб эканлигини, у ҳам КХДРга Ким Чен Ин режимига қарши курашишга чақирувчи варақалар, доллар банкноталари ва КХДРда тақиқланган Жанубий Корея филмлари ҳамда поп-мусиқаси ёзилган флэшкалар бўлган ҳаво шарлари учирганини билдирди.

Top