Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Полшадаги қурол заводида портлаш ва ёнғин: бир киши ҳалок бўлди
Полша жанубидаги қурол ва ўқ-дорилар заводининг ракета ёнилғиси омборида портлаш содир бўлди. Воқеа сабаблари ўрганилмоқда. Бир киши ҳалок бўлди, яна бир фуқаро яраланди.
Полша жанубида кучли портлаш содир бўлди ҳамда Mesko қурол ва ўқ-дорилар заводида ёнғин бошланди. Оқибатда Варшавадан 125 км жанубда жойлашган Свентокшиск воеводлигидаги Скаржиско-Каменна шаҳрида 59 ёшли ишчи ҳалок бўлди, деди полиция вакили 10 июн, душанба куни TVN24 телеканалида.
Ёнғин ўчирилди, ҳодиса сабаблари ўрганилмоқда. ОАВ хабарларига кўра, портлаш бир неча йил аввал очилган ракета ёнилғиси марказида содир бўлган. Завод директори Элжбета Шренявскаянинг сўзларига кўра, портлаш вақтида бинода уч киши бўлган. Улардан бири мустақил равишда чиқиб келган, қолган иккиси жароҳат олган, улардан бири ҳаётдан кўз юмган, дейилади хабарда.
Mesko компанияси, бошқа нарсалар қаторида, танкка қарши бошқариладиган қуроллар ва қисқа масофали кўчма зенит-ракета тизимларини ишлаб чиқаради, дея эслатган dpa.
Полша хавфсизлик чораларини кучайтирмоқда
Май ойи охирида Полша бош вазири Доналд Туск Москва буйруғи билан Полша ҳудудида қўпорувчилик тайёрлашда гумон қилинган 12 киши ҳибсга олинганини маълум қилди. У, шунингдек, Россия махсус хизматлари май ойи бошида Варшава шимоли-шарқидаги савдо марказида содир бўлган йирик ёнғинга «қандайдир тарзда алоқадор бўлиши» мумкинлигини айтди. Ўшанда ёнғин 1400 та савдо шохобчасини йўқ қилган.
Шундан сўнг, Полша Ташқи ишлар вазирлиги «Россиянинг Европа Иттифоқи ва Полшага қарши гибрид урушдаги иштироки» туфайли россиялик дипломатларнинг мамлакат бўйлаб ҳаракатланишини чеклади. Бундан ташқари, Полша расмийлари Россия томонидан эҳтимолий қўпорувчиликдан ташвишланиб, Украинага ҳарбий ёрдам етказиб беришнинг асосий транзит маркази бўлган Жешув-Ясёнка аэропорти атрофида хавфсизлик чораларини кучайтирди.
Американинг The New York Times газетаси 26 май куни Европада АҚШ ва унинг иттифоқчилари разведка хизматлари вакиллари Россия билан боғлаган қўпорувчилик операциялари сони ортиб бораётгани ҳақида ёзди. Ғарб разведка идораларига кўра, бу амалиётлар Россияга қарши урушда Украинани қўллаб-қувватлашга путур етказишга қаратилган Россия кампаниясининг бир қисми бўлиши мумкин. Асосан, нашрга кўра, Россия махсус хизматлари турли объектларга ўт қўйишган. Улар орасида Англиядаги омборхона, Полшадаги бўёқ заводи, Латвиядаги уйлар ва Литвадаги IKEA мебел дўкони бор. Аммо Россия Федерацияси фойдасига ишлаганликда гумон қилинганлар Америка ҳарбий базаларига ҳужум қилишни ҳам режалаштирган бўлиши мумкин. Аввалроқ Financial Times ҳам Россия Европада диверсиялар режалаштираётгани ҳақида ёзган эди. Июн ойи бошида Ғарб Россиянинг Европадаги қўпорувчилик ҳаракатларига жавоб тайёрлаётгани хабар қилинган эди.
Мавзуга оид
11:45 / 22.06.2026
Ўзбекистонда одамсимон роботлар ишлаб чиқарадиган завод қурилиши бошланди
16:09 / 21.06.2026
Киев ва Варшава ўртасида – «орденлар уруши» кетмоқда
20:37 / 16.05.2026
Левандовски «Барселона»ни тарк этишини эълон қилди
13:44 / 20.04.2026