Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда Солиқ қўмитаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган терговга қадар текширувда 6 та масъулияти чекланган жамият (МЧЖ) масъул шахслари ва бошқалар томонидан йирик миқдорда солиқ қонунчилиги бузилгани аниқланди.
Текширув маълумотларига кўра, улар 32,6 миллиард сўмлик қўшилган қиймат солиғини бюджетдан ноқонуний равишда қайтариб олган. Шунингдек, 195,9 миллиард сўмлик маҳсулотлар нақд пулга сотилиб, савдодан тушган маблағлар банкка топширилмаган ҳамда жуда кўп миқдордаги савдо қоидалари бузилган.
Оқибатда, 42,5 миллиард сўмлик солиқларни қасддан тўламаслик ҳолатига йўл қўйилгани қайд этилди.
Текширув давомида Тошкент вилояти солиқ бошқармасининг айрим масъул шахслари томонидан мазкур корхоналарда ўтказилган аудит текширувлари чоғида текширув далолатномаларига 5,2 миллиард сўмлик солиқлар ҳисобланмасдан расмийлаштирилгани ҳам маълум бўлди. Бунинг натижасида давлат ва жамият манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилгани таъкидланди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда иш бўйича тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.











