Осиё инфратузилма инвестициялари банки Ўзбекистонда “Бухоро йўл тармоғини яхшилаш лойиҳаси”ни амалга оширяпти. Бунда Бухоро шаҳридаги асосий халқаро трансчегаравий йўлларнинг ҳамда Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятларидаги йўл тармоқларининг самарадорлиги, хавфсизлиги ва иқлимга чидамлилиги оширилади.

1-босқичда А-380 халқаро йўлининг муҳим қисми реконструкция қилинади.

Лойиҳанинг умумий қиймати 214,7 млн долларни ташкил этади. Шундан 49,5 млн долларини Ўзбекистон ҳукумати ажратади, шунингдек, ОИИБдан 165,5 млн долларлик қарз маблағи жалб этилади.

Банк вакиллари – лойиҳа менежерлари Рунзе Ю ва Комрон Ражабиён Kun.uz'га берган интервюсида лойиҳанинг баъзи тафсилотларини айтиб ўтди.

Рунзе Ю – Осиё инфратузилма инвестициялари банкида транспорт масалалари бўйича мутахассис. Банкда 6 йил, Ўзбекистонда эса 5 йилдан бери ишлаяпти. У ОИИБда лойиҳаларни тайёрлаш, амалга ошириш ва мониторинг қилиш билан шуғулланади.

Комрон Ражабиён – Осиё инфратузилма инвестициялари банкида 4,5 йилдан буён фаолият юритмоқда. Банкдаги вазифаси инвестицион шериклик, бундан ташқари, Ўзбекистондаги айрим операциялар учун қўшма лойиҳа гуруҳи раҳбари сифатида ҳам фаолият юритади. У лойиҳаларни аниқлаш, амалга ошириш, мониторинг қилиш, тугатиш билан шуғулланади, умуман тўлиқ циклда лойиҳалар устида ишлайди.

— Банк ҳозирда Бухорода йўл инфратузилмасини яхшилаш лойиҳаси устида ишлаяпти, лойиҳа ҳақида батафсил маълумот бера оласизми?

Рунзе Ю

Рунзе Ю: Лойиҳа реконструкцияга қаратилган. Бу трансчегаравий аҳамиятга эга халқаро автомагистрал бўлиб, шунча йиллик оғир фойдаланишдан кейин, унинг ҳолати ёмон аҳволга тушиб қолган. Бу қўшни давлатларни боғлайдиган асосий йўлдир. Биласиз, Ўзбекистон “икки карра” денгизга чиқа олмайдиган давлат. Демак, халқаро йўлаклар устида ишлаш нафақат мамлакатнинг ўзи, балки бутун Марказий Осиё ва қитъалараро алоқа учун катта аҳамиятга эга.

Биз ушбу лойиҳани ишлаб чиқаётиб, унинг иккинчи босқичи ҳақида ҳақида ҳам ўйлаяпмиз. Шунингдек, бажариладиган ишларнинг боришини кузатиш учун ускуналар сотиб олишни ҳам таклиф қиляпмиз.