20 киши, жумладан 15 нафар полициячи якшанба куни Доғистоннинг Дербент ва Маҳачқалъа шаҳарларидаги православ ибодатхоналари, синагоглар ҳамда йўл-патрул хизмати постига ҳужумлар оқибатида ҳалок бўлган.
Республикада аксилтеррор амалиётлар режими жорий этилди, икки шаҳарда ҳам жанглар тун ярмига қадар давом эттирилди.
Соат 23:00 дан ўтганидан кейин Миллий аксилтеррорчилик қўмитаси Дербентда махсус амалиётнинг фаол босқичи якунлангани ҳақида хабар қилди.
Тунда қўмитадагилар амалиёт давомида беш нафар террорчи ўлдирилганини маълум қилди.
«Дербентда ўтказилган жанговар тадбирлар якунида икки бандит бартараф этилди, Маҳачқалъада эса — уч бандит», — дейилган хабарда.
Бунгача ўлдирилган жангарилар сони олти нафар экани хабар қилинганди — Маҳачқалъада тўрт, Дербентда икки киши. Доғистон раҳбари Сергей Меликов ҳам ҳужум қилган олти киши ўлдирилгани ҳақида айтган.
Шу билан бирга, ҳужум қилганлар сони қанча бўлгани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Миллий аксилтеррорчилик қўмитаси жангариларнинг шериклари қидирилаётгани тўғрисида хабар берган.
Қурбонлар ва жароҳатланганларнинг кўпчилиги — полиция ходимлари. Сўнгги маълумотларга кўра, 15 нафар полициячи ҳамда тинч аҳоли вакилларидан беш киши ҳалок бўлган. 46 киши жароҳатланган.
«Полициянинг 15 ходими бугунги теракт қурбонлари бўлди», — дея ёзган Доғистон раҳбари ўз телеграмида душанбага ўтар кечаси. У оддий фуқаролар орасида ҳам қурбонлар борлигини қўшимча қилган.
Россия Тергов қўмитаси «теракт» моддаси бўйича жиноий иш қўзғатган.
ТАСС ва РБК манбалари Дербент ва Маҳачқалъага ҳужум қилганлар — халқаро террорчилик ташкилоти тарафдорлари бўлганини айтишган. «Ҳужум қилганларнинг ҳаракатлари, уларнинг ҳайқириқлари ва ташқи қиёфасига қараганда, террорчилар халқаро исломий террорчилик ташкилотига алоқдор бўлишган», — деган РБК манбаси ташкилот номини очиқламаган ҳолда. ОАВ маълумотига кўра, жангариларнинг айримлари ваҳҳобийлар доираларига аъзо эди.
Доғистонда уч кунлик мотам эълон қилинган. У 24, 25 ва 26 июн кунлари давом этади. Доғистондаги терактлар юзасидан Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон президентлари ҳамдардлик билдирган. РФ президенти Владимир Путин ҳозирча ҳодиса юзасидан муносабат билдирмаган.




















