Шу кунларда электр таъминоти корхоналарида тадбиркорлик билан шуғулланувчилар навбатда туришибди. Улар электр энергияси учун икки баробар кўпроқ пул тўлаётгани, олдиндан тўлов учун ўтказган пуллари етмасдан, тармоқдан узилиб қолганидан ҳайрон, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Дўкондорлар, сартарошхоналар, емакхоналар, автомобилларга хизмат кўрсатиш масканлари ва ҳоказо тадбиркорлик субъектлари нотурар бинолар учун ўтган йилнинг августидан бошлаб ошган тарифда – 1 kWh учун 900 сўмдан тўлов қилиб келишмоқда. Бунда улар электр таъминоти корхонаси билан шартнома қилиши, ойлик тахминий истеъмоли қанча эканини кўрсатиб, 50 фоиз олдиндан тўлов қилишлари керак эди.

Ўзлари кўрсатган ойлик лимитдан ортиқ қисми учун, улар 1 kWh учун 960 сўм тўлаб келишган.

1 июндан бошлаб эса олдиндан тўлов 100 фоиз бўлган, лимитдан ортиқча қисми учун 2 баробар ҳақ – киловатт-соатига 1800 сўмдан ундирилмоқда. Аксарият тадбиркорлар бундан бехабар.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг маълум қилишича, бундай тартиб шу йил 31 май куни қабул қилинган ҳукумат қарорида белгиланган.

Қарорга асосан, ҳисоб-китоб даврида юридик истеъмолчилар томонидан электр энергияси истеъмоли шартномавий миқдордан 10 фоиз ва ундан ортишига йўл қўйилган тақдирда, ортиқ истеъмол қилинган электр энергияси учун белгиланган тарифнинг 2 баравари миқдорида қўшимча тўлов ундирилади.

Ҳужжатда ёзилишича, истеъмолчилар ўзлари истеъмол қиладиган электр энергиясининг ҳажмларини ўзгартириш бўйича ҲЭТКга таклиф киритиш ҳуқуқига эга. Бунда электр энергиясининг шартномадаги ҳажмини ўзгартириш бўйича таклиф мўлжалланаётган ҳисобот ойи бошланишидан 10 кун олдин берилиши керак.

“Мазкур қоидаларнинг амалиётга жорий этишдан асосий мақсад – истеъмолчиларни электр энергиясидан тежаб ва оқилона фойдаланишларини ташкил этишдан иборатлигини маълум қиламиз”, – дейилади “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ахборотида.

“Ўсаётган корхоналарга жазо”

Аввалроқ Kun.uz'га интервю берган иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов бу тартибни кенгайиб, ривожлангани учун корхоналарга нисбатан жазо деб атаганди