Туркиянинг Йирик компанияси Навоий шаҳрида жарроҳлик ускуналарини ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов бошчилигидаги делегация Туркияда сафарда бўлиб қайтган. Вилоят масъуллари турк компаниялари билан инвестиция киритиш ва бир нечта йирик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришган.

Жумладан, Измир шаҳрида Навоий вилояти делегацияси иштирокида cоғлиқни сақлаш соҳаси, тиббий ва фармацевтик воситалар ишлаб чиқарувчи компаниялар вакиллари форуми бўлиб ўтган. Унда Туркиянинг 20 дан ортиқ йирик ширкатлари вакиллари иштирок этган. Компаниялар вакиллари ва вилоят делегацияси ўртасида B2B форматида музокаралар ўтказилган. 

“SCA Cerrahi Aletler” ширкати билан Навоий шаҳрида жарроҳлик ускуналарини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича битим тузилган. “Memorial hospital” ва “Lokman Hekim Saĝlik Grubu” тиббиёт мажмуалари билан эса вилоятда тиббиёт университети ва шифохоналар қурилиши учун 30 млн доллар инвестиция киритилиши тўғрисида келишувлар имзоланган. 

Шунингдек, “Öztaş Medikal” ширкатининг Конимех туманида тиббиёт совуткичларини ишлаб чиқариш, “Data Teknik” ширкатининг эса ортопедия протезлаш воситаларини маҳаллийлаштириш бўйича лойиҳалари кўриб чиқилган. 

Аввалроқ Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов Хитойга ташрифи чоғида ушбу давлат инвесторлари билан вилоятда пулли йўл қуриш бўйича дастлабки келишувга эришгани хабар қилинганди