Украиналик сиёсатчи Ирина Фарион суиқасддан сўнг вафот этди
«Шифокорларнинг барча саъй-ҳаракатларига қарамай, Ирина Фарионни сақлаб қолишнинг иложи бўлмади», деди Лвив ВҲМ бошлиғи Максим Козицкий. Олий раданинг собиқ депутати бошидан ўқ еганидан сўнг касалхонага олиб кетилганди.
Олий рада собиқ депутати, Украинада рус тилига қарши бўлган Ирина Фарион 19 июл, жума куни кечқурун Лвивда, Масарик кўчасидаги уйи ёнида ҳужумга учради. Номаълум шахс унинг бошига ўқ узган. Фарион бош қисмидаги ўқдан жароҳат олган ҳолда оғир аҳволда касалхонага ётқизилган. Операциядан кейин у оғир аҳволда, чуқур мия комасида бўлган ва кўп ўтмай вафот этган. «Шифокорларнинг барча саъй-ҳаракатларига қарамай, Ирина Фарионни сақлаб қолишнинг иложи бўлмади», деди Лвив вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Максим Козицкий.
Суиқасд ҳақида биринчи бўлиб Лвив шаҳар кенгаши депутати Игор Зинкевич ва лвивлик журналист Марта Олиярник хабар беришди. «Бош қисмига отилган, ўқ отган шахсни қўшнилар кўрган, у қўлқоп кийган, қурол эса овоз чиқармайдиган мослама билан жиҳозланган бўлган», — деб ёзади Олиярник Facebook’да. Лвив матбуотига кўра, икки ҳафта давомида Фарион яшовчи кўп қаватли уй кириш қисмида тахминан 20 ёшли йигитни кўп кўришган.
Полиция ҳужумчини қидиришда давом этмоқда. Фарионнинг ўлимидан сўнг, Миллий полиция жиноятни Украина Жиноят кодексининг 115-моддаси 1-қисми сифатида қайта таснифлади - қасддан одам ўлдириш. Иш дастлаб қотилликка уриниш сифатида тергов қилинган.
Украина ва Лвив расмийлари қотилликка алоқадорларни топишга чақирилмоқда
«Фожиа» - Лвив мэри Андрей Садовой шундай реакция билдирди. Унинг сўзларига кўра, шифокорлар қўлидан келган барча ишни қилишган, аммо жароҳат жуда оғир бўлган. Шаҳар ҳокими Ирина Фарионнинг оила аъзоларига ҳамда таниган барчага ҳамдардлик билдирди. «Мен ҳар доим Украинада энди хавфсиз жой қолмаганини айтаман. Аммо бугунги қотиллик кутилмаган бўлди. Қотилни топиш керак!» - деб ёзди Садовой Telegram-каналида ва ҳуқуқни муҳокама қилиш органларига иши учун миннатдорлик билдирди.
Украина президенти Володимир Зеленский жиноят тафсилотларини аниқлаш учун Миллий полиция ва «СБУ» барча зарур кучлари жалб этилганини айтди. «Шубҳасиз, ҳар қандай зўравонлик фақат қоралашга лойиқ ва ҳужумда иштирок этган ҳар бир шахс тўлиқ жавобгарликни ўз зиммасига олиши керак», — деди Зеленский.
Ирина Фарион Украинада рус тилига қарши курашган
60 ёшли Ирина Фарион - филолог ва тилшунос, 2012-2014 йилларда у Украина Олий радаси депутати ва «Озодлик» Умумукраина уюшмасининг аъзоси бўлган. У Украинада рус тилига нисбатан қаттиқ позицияси билан танилган, сиёсатчи уни қўллашни бутунлай рад этиш тарафдори эди.
Россияда Фарионга қарши 2015 йилда Украинадаги русларга қарши репрессия чақириқлари туфайли нафрат қўзғатиш ва инсон қадр-қимматини камситиш моддаси бўйича жиноий иш очилган. 2023 йил ноябр ойида «СБУ» унга нисбатан жиноий иш очди, чунки у Украина Қуролли кучларининг рус тилини биладиган аъзоларини украиналик деб ҳисобламаслигини айтган.
Мавзуга оид
05:07
Байден Украинага ATACMS ракеталари билан Россия ичкарисига зарба йўллашга рухсат берди
16:28 / 17.11.2024
Фронтдаги вазият: Украина қуролли кучлари мудофааси кўплаб участкаларда қуламоқда
14:24 / 17.11.2024
«Энг йирик ҳаво ҳужумларидан бири». РФ қўшини Украина бўйлаб ёпирилма зарбалар уюштирди
10:05 / 17.11.2024