Жаҳон | 11:53 / 22.07.2024
2547
4 дақиқада ўқилади

Минск Кригер иши бўйича Берлин билан маслаҳатлашувлар ҳақида маълум қилди

Беларус ўлим жазосига ҳукм қилинган германиялик Рико Кригер масаласи бўйича Германия билан алоқада бўлиб, ГФРга «аниқ ечимлар» таклиф қилди, деди Беларус ТИВ матбуот котиби.

Фото: SCANPIX / Caro

Германия ва Беларус ўлимга ҳукм қилинган Германия фуқароси Рико Кригер масаласи бўйича маслаҳатлашувлар ўтказмоқда. Бу ҳақда Беларус ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Анатолий Глаз маълум қилди.

«Албатта, бу мавзуда немис томони билан алоқалар мавжуд. Германия Ташқи ишлар вазирлигининг сўровини инобатга олган ҳолда, Беларус томони ушбу мавзу бўйича маслаҳатлашувларда вазият ривожига оид мавжуд вариантлар юзасидан аниқ қарорлар таклиф қилди. Маслаҳатлашувлар икки давлат ташқи ишлар вазирликлари орқали амалга оширилмоқда», — деди дипломат.

Глаз қўшимча қилишича, Минск «немис томони»нинг Кригер бўйича «ташвишини» тушунади ва унга консуллик ёрдамини таъминлайди.

Германия ТИВ Беларус ҳукумати олдида Рико Кригернинг манфаатларини ҳимоя қилади

Бир кун аввал Германия ташқи ишлар вазирлиги DW нашрига немис фуқароси Беларусда ўлим жазосига ҳукм қилинганини тасдиқлади. «Ташқи ишлар вазирлиги ва Минскдаги элчихона жабрланувчига консуллик хизматларини кўрсатади ва Беларус ҳукумати олдида унинг манфаатларини фаол ҳимоя қилади», — дейилади вазирлик хабарида.

Германия ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек, «ўлим жазоси шафқатсиз ва ғайриинсоний жазо тури бўлиб, Германия томонидан ҳар қандай шароитда ҳам рад этилишини» таъкидлади. «Биз бутун дунё бўйлаб уни бекор қилишни ва барча жабрланувчиларга нисбатан уни қўллашдан бош тортишга эришмоқчимиз», дейилади вазирлик жавобида.

Беларусда Рико Кригер иши 

Аввалроқ Беларуснинг «МотолькоПомоги» Telegram-канали Беларусда июн ойи охирида Германия фуқароси ва Германия Қизил Хоч (ГҚХ) ходими Рико Кригер ўлимга ҳукм қилингани ҳақида хабар берди. Хабар муаллифларининг таъкидлашича, эркак «ўқотар қуролга нисбатан қонунга хилоф ҳаракатлар», «транспорт ёки алоқа воситаларини яроқсиз ҳолга келтириш», «экстремистик тузилма яратиш ёки унда иштирок этиш», «яширин фаолият», «ёлланма иш» ва «терроризм акти» каби моддаларда айбланган. 

«Весна» инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, Кригер иши Россияга қарши урушда Украина томонида жанг қилаётган Кастус Калиновский номидаги Беларус кўнгиллилар бўлинмаси полкига тегишли. 

Мустақил матбуотнинг аввалроқ хабар қилишича, 6 июн куни Минск вилоят судида Рико Кригер устидан суд жараёни бошланди. Ўшанда Беларус пойтахтидаги Германия элчихонаси журналистларига айтишича, дипломатлар «ишдан бохабар» ва «консуллик хизматларини кўрсатяпти». 

Кригернинг LinkedIn саҳифасига кўра, у 2021 йилдан бери Германия Қизил Хоч жамиятида тез тиббий ёрдам бўйича техник бўлиб ишлайди. 2014—2017 йилларда Рико Кригер АҚШнинг Берлиндаги элчихонасида хавфсизлик хизмати ходими, 2017—2021 йилларда эса Ораниенбургдаги қариялар уйида уй ҳамширасининг ёрдамчиси бўлган. Беларуснинг «Наша Нiва» нашри Рико Кригернинг Германияда ҳали вояга етмаган фарзанди борлигини ёзди.

Мавзуга оид