Қуйи Чирчиқ туман ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Фотима Камолова жиноий жавобгарликка тортилди. Kun.uz суд ҳукми билан танишди.

Суд ҳужжатида келтирилишича, Фотима Камолова Қуйи Чирчиқ туман ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи сифатида ишлаб келиб, мансабдор шахс бўла туриб, жиноят содир этиш йўлига кирган. У Касаба уюшмаси ҳамда ҳомийлик маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган “Шўрданак” ҳажвий театри дастури чиптаси учун ноқонуний тарзда “Аёллар дафтари” жамғармаси ҳисобидан 15 млн сўм ажратиб, шартнома тузишга сабабчи бўлган.

Тузилган шартнома асосида ЯТТ ҳисоб рақамига 15 млн сўм пул маблағлари ўтказилган. Ҳоким ўринбосари ушбу пул маблағларини тадбиркор орқали нақдлаштириб, “Шўрданак” ҳажвий театри раҳбарига берган. Камолова бу орқали “Аёллар дафтари” жамғармасидаги пул маблағларини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган.

Шунингдек, у Қуйи Чирчиқ туман ҳокимининг тегишли фармойишига асосан “Аёллар дафтари” жамғармаси маблағлари ҳисобидан “Аёллар дафтари”да рўйхатда турган эҳтиёжманд хотин-қизларнинг уй-жойини таъмирлаш учун 90 млн 302 минг сўмга қурилиш моллари харид қилган. 51 млн 274 минг сўмлик қурилиш материалларини тумандаги 16 та маҳаллада яшовчи фуқароларга тарқатган. Ихтиёрида қолган 35 млн 172 минг сўмлик қурилиш материалларини эса растрата йўли билан талон-торож қилиб, давлат манфаатларига анча миқдорда моддий зарар етказган.

Фотима Камолова айбига иқрор бўлиб, шартномани туман ҳокимининг биринчи ўринбосари К.Ускенбаев ва туман ҳокимлигининг бош ҳисобчиси расмийлаштирганини, у манфаатдор бўлмаганини, ҳозирда қилган ишидан пушаймонлигини билдирган ҳамда суддан қонун доирасида енгиллик беришни сўраган.

Суд ҳужжатига кўра, Қуйи Чирчиқ туман прокуратураси терговчиси С.Мирзахмедовнинг 2024 йил 13 апрелдаги жиноят ишининг бир қисмини тугатиш ҳақидаги қарорига асосан Қуйи Чирчиқ туман ҳокими биринчи ўринбосари Камолиддин Усканбаев ва Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган А.Сулейманов ҳамда бошқаларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши ҳаракатдан тугатилган.

Суд ҳукми билан Фотима Камолова Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми “б, г” бандлари (Мансаб мавқейини суиистеъмол қилиш йўли билан такроран ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси 1-қисмида (Мансаб сохтакорлиги) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Унга нисбатан 1 йил муддатга муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, ҳар ойлик иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 8 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Тайинланган асосий жазо шартли ҳисобланиб, 1 йил синов муддати белгиланган.