31 июлга ўтар кечаси Эрон пойтахти Теҳронда Ҳамас етакчиларидан бири Исмоил Ҳания ҳалок бўлди. Унинг ўлими ҳақида дастлаб фаластинликлар гуруҳи, шунингдек Эрон инқилоби муҳофизлари корпуси расман хабар берди.

Ҳамас баёнотида Ҳания исроилликлар унинг Эрон пойтахтидаги қароргоҳига ҳужум қилиши оқибатида ҳалок бўлгани айтилади. У билан бирга унинг тансоқчиси ҳам ҳалок бўлган. Al Mayadeen телеканалига кўра, Ҳания жойлашган уйга бошқа давлат ҳудудидан туриб ракета зарбаси йўлланган, аммо унинг ўлими сабаби бўйича ҳозирча расмий маълумот берилмади. Ҳамаснинг юқори мартабали вакили Мусо Абу Марзуқ Ҳаниянинг ўлдирилишини «қўрқоқларча акт» деб атаган ва бу «жавобсиз қолмаслиги»ни билдирган. Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги Фаластин миллий маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос ҳам Ҳаниянинг ўлдирилишини қоралаган.

Исроил ҳукумати ҳозирча Ҳаниянинг ўлими юзасидан расмий баёнот бермади. Бир кун олдин Ливан пойтахти Байрут шаҳрига зарба берилиши оқибатида  «Ҳизбуллоҳ»нинг юқори мартабали қўмондонларидан бири Фуад Шукр ўлдирилгани ҳақида хабар берган Исроил мудофаа армияси вакили CNN телеканалининг Ҳамас етакчиси ўлими борасидаги саволига жавоб қайтармаган. Ҳаниянинг ўлдирилиши ҳақида гапирган ягона исроиллик мулозим Қуддус ишлари ва Исроил мероси бўйича вазир Амиҳай Элияҳу бўлди, у бу ҳолатни «дунёни ифлосликдан тозалашнинг тўғри йўли» деб атаган.

Россия ТИВ Ҳаниянинг ўлимини «минтақадаги кескинликнинг янада кучайиши»га олиб келувчи «мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган сиёсий қотиллик» деб атади. Бундай баёнот вазир ўринбосари Михаил Богданов томонидан берилган.

2019 йилдан буён Қатар ва Туркияда сургунда яшаб келган Ҳания Эроннинг 2024 йил майида авиаҳалокатда вафот этган президенти Иброҳим Раисий ўрнига янги сайланган президенти Маъсуд Пезешкиённинг инаугурация маросимида иштирок этиш учун Теҳронга келганди. The New York Times нашри ёзишича, Ҳания бироз олдинроқ Эрон диний раҳнамоси, оятуллоҳ Али Хоминаий билан учрашганди.

Исмаил Ҳания Эрон президенти инаугурацияси маросимида, 2024 йил 30 июл
Vahid Salemi / AP / Scanpix / LETA

Исмаил Ҳания 62 ёшда эди, у Ғазо секторидаги Аш-Шати қочқинлар лагерида туғилган. У Ғазодаги Ислом университетида араб адабиётини ўқиган, кейин эса Ҳамас ҳаракатига қўшилган. 2006 йилда, Ҳамас Ғазо секторида ҳокимиятга келганидан кейин, Ҳания қисқа муддатга Фаластин миллий маъмурияти бош вазири лавозимини эгаллайди. Бир йилга яқин вақт ўтиб Фаластин миллий маъмурияти президенти Маҳмуд Аббос Ҳанияни истеъфога чиқаради, аммо у Ғазо секторидаги гуруҳ раҳбари бўлиб қолади. 2017 йилда Ҳания Ҳамас сиёсий бюросига раҳбар бўлади. 2021 йилда уни бу лавозимга қайта сайлашади.