Сўнгги йилларда у Қатарда яшаб келарди ва анчадан буён Ғазо секторида бўлмаган.
62 ёшли Исмоил Ҳания 2017 йилда Ҳамас сиёсий бюроси раҳбарлигига сайланган, у бу лавозимда Холид Машал ўрнини эгаллаган, аммо у илк бор 2006 йилда Ҳамас кутилмаганда Ғазодаги сайловларда ғалаба қозонгач, Фаластин мухторияти бош вазири бўлганида танилганди.
Ҳания 1962 йилда Ғазо шаҳридан ғарбдаги қочқинлар лагерида туғилган. Унинг ота-онаси 1948 йилда араб-исроил уруши вақтида ҳозирги Ашкелон шаҳри атрофида бўлган уйини тарк этганди.
У Ғазодаги Ислом университетида араб адабиётини ўрганган ва шу ерда ислом ҳаракатига аъзо бўлган.
Ҳания университетни 1987 йилда тамомлаган, биринчи интифадада қатнашган ва шундан кўп вақт ўтмай намойишлардаги иштироки учун Исроил ҳукумати томонидан ҳибсга олинган. У ўшанда қисқа муддатга қамалади.
1988 йилда, Ҳамас Ғазода «асосий қаршилик ҳаракати» сифатида етакчи позицияни эгаллаганида уни яна ҳибсга олишади ва олти ой муддатга озодликдан маҳрум этишади.
Кейинги йили Ҳания яна ҳибсга олинади ва уч йилга қамалади.
1992 йилда озодликка чиққанидан кейин Ҳания Ҳамаснинг юқори мартабали етакчилари Абдул Азиз ал-Рантисий, Маҳмуд ал-Заҳар ва гуруҳнинг бошқа 400 дан ортиқ аъзолари билан биргаликда Марж аз-Зуҳур лагерига депорт қилинади — у Исроил ва Ливан чегарасидаги мазкур бетараф ҳудудда яна бир йилни ўтказади.
Ҳания 1993 йил декабрида Ғазога қайтади ва Ислом университетида декан лавозимини эгаллайди.

1997 йилда Ҳания Ҳамас ҳаракати диний раҳнамоси, шайх Аҳмад Ёсиннинг котиби ва ўнг қўли бўлади, бу унинг позициясини сезиларли даражада мустаҳкамлайди.
2003 йил сентябрида Ҳания ва Аҳмад Ёсин исроилликларнинг Ғазо шаҳридаги турар жой биносига йўллаган авиазарбаси оқибатида енгил тан жароҳати олади.
Ярим йил ўтиб Аҳмад Ёсин исроилликлар зарбаси қурбонига айланади, зарба у масжиддан бомдод намозини ўқиб чиққан маҳалда берилганди.




















