Ўзбекистон | 14:00 / 01.08.2024
3705
2 дақиқада ўқилади

Июлда 0,3 фоизлик мавсумий дефляция қайд этилди

Истеъмол секторидаги нархларнинг йиллик ўсиши 10,5 фоизни ташкил этмоқда. Охирги бир йилда дори-дармонлар нархи 22 фоизга ўсган, хизматлар соҳасидаги инфляция 28 фоизга етган. Статистика органи ўтган ойда гўшт маҳсулотлари 1,1 фоизга қимматлашгани, бензин нархлари 0,7 фоизга тушганини қайд этди.

Фото: Getty Images

Июл ойида истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар ўртача 0,3 фоига арзонлашди, дея хабар бермоқда Статистика агентлиги.

Истеъмол секторидаги нархларнинг йиллик (2023 йил июл ойига нисбатан) ўсиш даражаси 10,5 фоиз, йил бошидан буён 4,9 фоизни ташкил этган.

Июл ойида истеъмол нархлари индекси таркибида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўртача 1,5 фоизга арзонлашган. Ноозиқ-овқат товарлари 0,7 фоизга, аҳолига пуллик хизматлар кўрсатиш нархлари ўртача 0,5 фоизга ошгани кузатилган.

Сезиларли нарх тушиши меваларда кузатилган – 11,2 фоиз. Бироқ йиллик нисбатда мевалар нархи ўртача 11 фоизга ошган. Ой давомида сабзавотлар 5,6 фоизга (йиллик -18,6 фоиз), тухум 2,5 фоизга, сут 0,5 фоизга арзонлашган.

Гўшт маҳсулотлари нархлари июлда 1,1 фоизга, сўнгги бир йилда эса 5,5 фоизга кўтарилган.

Ой давомида саноат маҳсулотлари 0,7 фоизга қимматлашган. Дори-дармонлар нархидаги ўсиш 2,2 фоиз, ўтган йилнинг июлига нисбатан эса 22 фоизни ташкил этган.

Статистика органи ўтган ойда бензин нархи ўртача 0,7 фоизга тушанини қайд этган. Шу билан бирга, июлдаги бензин нархлари бир йил олдингига нисбатан 20 фоизга юқори. Июлда пропан 1,9 фоизга, йиллик ҳисобда 16 фоизга қимматлашган.

Ҳисоботда, хизматлар соҳасида нархлар ошиши 0,5 фоиз бўлгани келтирилган. Аммо ўтган йилнинг шу даври билан таққослаганда, хизматлар секторидаги инфляция 28 фоизга етган – бу юқори кўрсаткич тартибга солинадиган нархлар, хусусан энергетика тарифлари оширилгани билан боғлиқ.

Мавзуга оид