Диёранинг тарихий чемпионлиги, божларни ёқлаган ССП раиси ва Тошкентга 20 та кўприк — ҳафта дайжести
Дзюдочи Диёра Келдиёрова олимпиадада энг кучли рақибни доғда қолдириб, тарихий олтин медални қўлга киритди. Савдо-саноат палатаси раиси электромобилларга бож киритишни қўллаб-қувватлади. Метан газ нархига қўйилган чеклов бекор қилинди. Тошкент пиёдалар учун янада ноқулай шаҳарга айланиши мумкин. Ортда қолаётган ҳафтанинг шу ва бошқа муҳим хабарлари – Kun.uz дайжестида.
Ҳафтанинг бош қаҳрамони – дзюдочи Диёра Келдиёрова. У ёзги олимпия ўйинларида чемпион бўлган ўзбекистонлик илк аёл спортчига айланди. Бундан ташқари, Диёра Ўзбекистон дзюдоси тарихида олимпиада олтин медалини қўлга киритган биринчи спортчи ҳам бўлди.
26 ёшли чемпион Париждаги ўйинларнинг нимчорак финалида олимпиаданинг амалдаги ғолиби, япониялик Ута Абэнинг 5 йиллик мағлубиятсиз сериясига барҳам бериб, уни турнирдан чиқариб юборгани билан шов-шув кўтарди. Шундан кейин Келдиёрованинг олтин олишига кўпчиликда шубҳа қолмаганди. У финалда Токио олимпиадасининг бошқа бир чемпиони, косоволик Дистрия Красничини мағлуб этди ва шу тариқа, Париждаги ўйинларда илк бор Ўзбекистон мадҳияси янгради.
Шу куни президент Шавкат Мирзиёев Диёрага қўнғироқ қилиб, уни Ўзбекистон халқи номидан тарихий ғалаба билан табриклади. “Шундай жасоратли, матонатли, фидойи қизим борлигидан ғурурланаман. Камдан кам бўладиган ғалаба бўлди, дунё қойил қолди. Ўзбекистон обрўсини кўтардингиз, раҳмат қизим”, – деди давлат раҳбари.
Диёра Келдиёрова Самарқанд вилояти Паст Дарғом туманида, оддий оилада туғилган. Онаси Дилором Шарипованинг айтишича, қизи Парижда Абэга қарши татамига чиқишидан аввал телефон қилганида, далада сигири учун беда ўраётган бўлган. “Шошиб қолдик ўша пайт. Дадаси велосипедда юради, “сиз тезроқ бориб телевизорни ёқинг”, дедим. Ўзим ҳам Абэга қарши жанги бошланишигача уйга қайтишга улгурдим”, дейди чемпионнинг онаси.
“Абэни йиқитди, ана шундан хурсандман. Неча йиллик машаққат билан. Абэ билан чиқяпти деса, мен юрагимни ҳовучлаб ўтирдим, чунки Абэ неча йилдан бери биринчиликни бермаётганди”, – деди Дилором Шарипова.
Диёрадан кейин дзюдочилар Музаффарбек Тўрабоев ва Алишер Юсупов Ўзбекистон ҳисобига иккинчи ва учинчи медалларни олиб берди: улар бронза медали соҳиби сифатида шоҳсупага кўтарилди. Токио олимпиадасида бронза олган Давлатбек Бобонов эса бу гал кутилмаганда дастлабки баҳсдаёқ имкониятни бой бериб қўйди.
Ҳафта охирида яримфиналга чиққан 5 нафар боксчимиз Ўзбекистоннинг медаллари сонини 8 тага етказди. Булар қандай медаллар бўлиши яқин кунларда маълум бўлади. Якшанба куни Лазизбек Мулложонов ва Ҳасанбой Дўсматов, сешанбада Асадхўжа Мўйдинхўжаев, чоршанбада Баҳодир Жалолов, пайшанба куни эса Абдумалик Халоков финал йўлланмаси учун рингга кўтарилади. Эслатиб ўтамиз, ўзбекистонлик боксчилар Рио олимпиадасида 7 та медал билан шов-шув кўтарганидан кейин, Токиодан фақат Жалоловнинг олтини билан қайтган эди.
Ҳафта давомида, шунингдек, футбол жамоамиз Олимпиададаги илк очкосини қўлга киритиб, дебют иштирокига якун ясади. Темур Кападзе жамоаси 30 июл куни Доминикан Республикаси билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаб, гуруҳда охирги ўринни банд этди. Жамоа ўтган ҳафта Испания ва Мисрдан мағлуб бўлгач, кейинги босқич йўлланмасини бой берган, шундан кейин учинчи ўйин рамзий аҳамиятга эга бўлиб қолганди.
ССП раиси – электромобилларга бож тарафдори
Электромобиллар импортига бож киритилиши ҳақидаги хавотирлар жиддийлашмоқда. Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов бож жорий этишни 100 фоиз қўллаб-қувватлашини айтди. У ўтган ҳафта шундай таклиф билан чиққан ADM Jizzakh бош директори Дониёр Давлетяров билан ҳамфикр эканини таъкидлаб, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш соҳада малакали мутахассислар етиштириш имконини беришини иддао қилди. Бу гаплари журналистларга қаратилганини қайта-қайта таъкидлаган Ваҳобов, ўз позициясини дастаклаш учун Туркия, Бразилия, АҚШ ва Европада ҳам электромобилларга бож борлигини мисол қилиб келтирди.
ССП раисининг бу гапларини жамоатчилик ғазаб ва хавотир билан қабул қилди. Фаол иқтисодчилар Ваҳобовнинг гапларини рад этиб чиқишди. Отабек Бакиров Ўзбекистон автомобил бозоридаги вазиятни Туркия, Бразилия, АҚШ ёки Европа билан таққослаб бўлмаслиги, бу давлатларнинг ички бозорида ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги рақобат жуда юқорилиги, қолаверса, Ваҳобов айтаётган жойларда ҳеч қайси ишлаб чиқарувчига яширин қарорлар билан алоҳида имтиёзлар берилмаслигини айтди.
Профессор Беҳзод Ҳошимов бу муаммонинг келиб чиқиш тарихига назар ташлаб, Асакадаги завод Ўзбекистон иқтисодиёти учун катта тўсиқ ва ўлпон бўлганини қайд этди. “Асакадаги завод – самарасизлик ва Каримов давридаги нотўғри иқтисодий сиёсатни мужассам қилувчи рамз. Худди шундай чуқурларга очиқ кўз билан кетаётганимиз ачинарли”, деди Ҳошимов.
Маълумот учун, бир йил олдин қабул қилинган президент фармони билан, Жаҳон савдо ташкилоти қоидаларига зид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш тақиқланган. Бир неча ой олдин ҳукумат 2 йил ичида ЖСТ аъзоси бўлишни режалаштираётганини эълон қилганди. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон бу ташкилотга аъзо бўлиш учун ариза берганига бу йил роппа-роса 30 йил тўлди.
Метан нархини тартибга солиш тўхтатилгани айтилди
Автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларида метан газининг энг юқори нархини давлат томонидан белгилаш бўйича 10 ой давом этган расмий тартиб бекор қилинди. Аввалига 6 ойга киритилган чеклов муддати, икки марта узайтирилиб, 1 август куни якунига етди. Ҳукумат ахборотига кўра, бундан буён давлат бу соҳада нарх белгилашга аралашмайди. Шу билан бирга, газ нархининг асоссиз ошириб юборилишига йўл қўймаслик чоралари кўрилади. Президент бу борада Рақобат қўмитаси ва Бош прокуратурага топшириқ берган.
Рақобат қўмитасининг маълум қилишича, нарх чеклови бекор қилинганидан кейин республика бўйича 1450 та газ тўлдириш шохобчасининг 71 фоизида 3750 сўмлик нарх ўзгаришсиз қолган. Метан-шохобчаларнинг 25 фоизида нарх 200 сўмгача ошгани, қолган 4 фоиз шохобчалар ишламаётгани аниқланган. “Бугунги кунда, метан гази нархининг кескин ошишига сабаб бўлувчи омиллар мавжуд эмас”, деди қўмита раиси ўринбосари Фаррух Қорабоев.
Айни кунларда метандан кўра пропан нархларидаги ўсиш юқорироқ. Қорабоевнинг сўзларига кўра, шохобчаларнинг 70 фоизида пропан 5500 сўмдан 6500 сўмгача нархда сотилмоқда. Бу биржадаги улгуржи нархлар ошиши ортидан рўй берган. Биржа маълумотларига кўра, сўнгги бир ойда пропаннинг 1 тоннаси 25 фоизга қимматлашган. Рақобат қўмитаси бунинг сабабларини ўрганяпти. Рақобатга зид ҳаракатлар аниқланган тақдирда, албатта чора кўрилиши айтилди.
Газ учун ажратилган субсидиялар ишлатиб бўлинди
Давлат бюджетидан табиий газ учун 2024 йилга деб ажратилган триллионларнинг ҳаммаси ярим йил ичида ишлатиб бўлинди. 2024 йилги бюджет қонунига кўра, йил давомида табиий газни субсидиялашга кетадиган харажатлар миқдори 9,5 трлн сўмдан ошмаслиги керак эди. Лекин, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги очиқлаган рақамларга қаралса, 1 июлгача бу пулларнинг 98 фоизи аллақачон ишлатиб бўлинган.
Шунга ўхшаш ҳолат иссиқлик таъминоти корхоналарида ҳам рўй берган. Уларнинг зарарини қоплаш учун ажратилган 1,9 трлн сўм йиллик субсидиянинг 1,5 трлн сўми йилнинг ярмидаёқ сарфлаб қўйилган. Бу эса йилнинг иккинчи ярми учун субсидияга яна пул ажратиш заруратини келтириб чиқаради. Чунки, аҳоли учун тарифлар оширилган бўлса ҳам, газ айниқса хусусий қазиб чиқарувчилардан анча қиммат нархларда сотиб олинади. Қолаверса, ўтган йили кузда Россиядан эълон қилинмаган нархларда газ харид қилиш бошлангач, Ўзбекистоннинг 2024 йил биринчи ярмидаги газ импорти 5 баробарга ошган.
Аввалроқ биринчи ярим йилликда давлат бюджети тақчиллиги 34 трлн сўмдан ошгани маълум бўлганди. Бу – бир йил олдингига нисбатан 27 фоизга кўп. Айни мана шу фонда, охирги бир неча йил ичида илк марта йилнинг биринчи ярмида маошлар оширилгани йўқ. Шу тариқа, энг ёпиқ соҳалардан бири бўлган газ бўйича харажатларнинг режадагидан кўпроқ бўлиши, бошқа соҳаларга ажратиладиган маблағларнинг режадагидан камроқ бўлишини ҳам англатади. Ёки, аввалги йиллардаги каби, режадагидан кўпроқ қарз олишга ҳам тўғри келиши мумкин.
Дарвоқе, шу ҳафта Ўзбекистон Осиё тараққиёт банкидан 400 млн доллар қарз олиши маълум бўлди. Банк ахборотига кўра, бу маблағнинг 300 млн долларлик қисми энергетика соҳасини ислоҳ қилиш, хусусан яқинда иш бошлаган электр энергетикаси соҳаси регуляторининг фаолиятини ташкил этиш учун йўналтирилади.
Тошкентда 20 та пиёдалар кўприклари қурилиши мумкин
Йўлларда пиёдалар биринчи ўринга қўйилиши ҳақидаги гапларга қарамай, Тошкент шаҳри пиёдалар учун борган сари ноқулай шаҳарга айланишда давом этади. 31 июл куни пойтахт депутатлари шаҳарда яна 20 та ерусти пиёдалар ўтиш жойлари қурилишини маъқуллади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бунинг учун 107 млрд сўмдан кўпроқ маблағ керак бўлади. Депутатлар қурилиш ишларини бошлаш учун бу маблағнинг ҳозирча ярмини ажратишга қарор қилган.
Бу 20 та пиёдалар кўприги қаерларда қурилиши номаълум. Уларда лифт ёки эскалатор бўладими, агар бўлса ишлайдими, бу ҳам маълум эмас. Шуниси маълумки, ҳозиргача қурилган аксарият кўприклар одамлар учун ноқулай. Умуман, энг аввало айтиш керак бўлган нарса шуки, пиёдаларни ҳақиқатан ҳам биринчи ўринга қўйган шаҳарлар уларни шунчаки йўлни кесиб ўтиш учун еростига тушишга ёки кўприкка чиқишга мажбур қилмайди. Энг тўғриси ва мутахассислар томонидан маъқул кўриладигани – классик шаклдаги светофорли пиёдалар ўтиш жойи. Шаҳарсозлар пиёдалар кўприкларини шаҳар атрофидаги ҳалқа йўллари, шаҳар ташқарисидаги трассалар ва темирйўлни кесиб ўтиш жойларидагина қуриш мақсадга мувофиқлигини айтишади.
Шаҳарлар ичкарисида пиёдалар кўприкларини қуриш – қариялар, жароҳати ёки ногиронлиги бўлганлар, ёш фарзандини коляскада олиб кетаётган ота-оналар, юк кўтариб кетаётган шахслар ва бошқалар учун йўлларда ҳаракатланишни қийинлаштиради. Қолаверса, ҳаётини хавф остида ҳам қолдириб бўлса ҳам кўприкка чиқмасдан йўлни кесиб ўтишни афзал кўрадиганлар ҳар доим топилади, чунки кўприкка чиқишдаги баланд зиналар ва узун йўлаклар табиий равишда соппа-соғ одамга ҳам ёқмайди. Бу табиий ҳолатни шаҳар ичидаги исталган пиёдалар кўпригининг олдида кузатиш мумкин.
Шулардан келиб чиқиб, фаоллар расмийларни пиёдалар кўприги қуришдан олдин жамоатчилик билан маслаҳатлашишга чақирмоқда. Ҳарвард университети профессори Ботир Қобиловнинг фикрича, бундай кўприкларнинг янгисини қуриш эмас, балки мавжудларини бузиб ташлаш тўғрироқ бўлади. “Пиёдаларни душмандек “йўлимиздан ҳам, кўзимиздан ҳам четроқда юрсин” деган шиор билан қийнайдиган бундай инфратузилмалар кўпаймаслиги керак эди”, дея ёзди Ботир Қобилов.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Давлат олийгоҳларида тўлов-контракт миқдорлари ўртача 15 фоизга оширилди. Контрактлар охирги 4 йилдан бери ўзгармай келаётганди. Янги нархларга кўра, бу ўқув йилида бакалавриатнинг кундузги шакли педагогика йўналишида ўқиш шартномаси қиймати 7,4 млн, тиббиётда 10,5 млн, ҳуқуқ ва халқаро иқтисодий муносабатларда 11 млн 250 минг сўм деб белгиланди. Бу – стипендиясиз, базавий нархлар. Магистратурада эса йўналишга қараб контракт суммалари 9 млн сўмдан 12 млн 800 минг сўмгача фарқ қилади.
Тошкент шаҳридаги ноодатий реклама баннерлари муҳим масалага аҳоли эътиборини қаратди. Бу баннерларнинг биринчи саҳифасида “онасини эмсин” деб ёзилиб, кейин “бу сўкиниш эмас, шифокорлар тавсияси” экани қайд этилган. Ташаббускорларнинг сўзларига кўра, бу – Бутунжаҳон эмизиш ҳафталиги доирасидаги ахборот кампанияси бўлиб, шу орқали ҳақорат сўзига айланган иборага “асл маъно”ни қайтаришга ҳаракат қилинган. Фаолларга кўра, Ўзбекистонда сут ўрнини босувчи маҳсулотларни реклама қилиш тақиқланганига қарамай, аралашмалар рекламаси ва уларни интернетда тарғиб қилиш давом этяпти, бу эса она сути ўрнини босувчи маҳсулотларга бўлган талабни сунъий равишда оширишга хизмат қилмоқда.
Яккасарой тумани “паспорт столи” собиқ бошлиғи 7 йилга қамалди. У чет эл фуқароларига Ўзбекистон фуқаролигини сотган деб топилди. Суд ҳукмида ёзилишича, судланувчи Россия, Қозоғистон ва Қирғизистоннинг 9 нафар фуқаросига пул эвазига ноқонуний тарзда ID карта ва “қизил паспорт” расмийлаштириб берган. Бу “хизмати” учун жиноий шериги билан бирга 4 минг доллардан 15 минг долларгача пул олган. Бу жиноятлари учун коррупционер амалдор 7 йилга, унинг қирғизистонлик шериги 5 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Чироқчи тумани ҳокими фуқарога тарсаки туширди. Интернетда тарқалган видеода кўринишича, ҳоким Файзулла Юсупов ИИБ ходимлари гаплашиб турган фуқаронинг олдига келиб, унинг юзига тарсаки тортиб юборган. Видео тарқалиб кетгач, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги унга нисбатан интизомий чора кўрди. Айнан қандай чора эканига эса аниқлик киритилмади. Вилоят ҳокимлигига кўра, Файзулла Юсупов бундай қилмишни яна такрорласа, тегишли жавобгарликка тортилиши ҳақида қатъий огоҳлантирилган.
Мавзуга оид
22:05 / 23.11.2024
ДХХ раисининг ишдан олиниши, Андижонда Бобурга “ҳужум” ва тугаган сайлов — ҳафта дайжести
20:00 / 16.11.2024
Пискентдаги кўргилик, панел импортига чеклов ва Европани ёритадиган Ўзбекистон — ҳафта дайжести
20:00 / 09.11.2024
Машина импортига янги тўсиқ, икки карра қимматлаган пропан ва “замҳоким”га 2 млн $ пора — ҳафта дайжести
21:45 / 02.11.2024