Ўзбекистон | 20:16 / 30.07.2024
24858
2 дақиқада ўқилади

«Onasini emsin» — Тошкентда ноодатий реклама баннерлари пайдо бўлди

Бу Бутунжаҳон эмизиш ҳафталиги (1–7 август) учун ахборот кампаниясининг бир қисми экани маълум бўлди. Ташаббускорлар шу тариқа ҳақорат сўзига айланган иборага «асл маъно»ни қайтаришга қарор қилганди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Тошкент шаҳрида ўтган бир сутка ичида LED-экранларда пайдо бўлган «Onasini emsin» жумласи кўпчилик эътиборини тортди. Ўрганишлар давомида бу «Гўдакларни кўкрак сути билан боқишни қўллаб-қувватлаш бутунжаҳон ҳафталиги» дорасидаги ахборот кампаниясининг бир қисми экани маълум бўлди. Ташкилотчилар шу орқали сўкинишга айланиб кетган жумлага «бирламчи маъноси»ни қайтаришга уринган.

Ҳар йили 1-7 август кунлари «Гўдакларни кўкрак сути билан боқишни қўллаб-қувватлаш бутунжаҳон ҳафталиги» деб эълон қилинади.

Бундай тадбирлар ЖССТ ва ЮНИСEФ ташкилотларининг 1990 йилда қабул қилинган Инночент декларацияси асосида гўдакларни кўкрак сути билан боқишни қўллаб-қувватлаш мақсадида деярли ер юзининг 170 дан ортиқ мамлакатларида ҳар йили ташкил этилади. 

Ўзбекистонда сут ўрнини босувчи маҳсулотларни реклама қилиш қонун ҳужжатларида тақиқланганига қарамай, бундай маҳсулотлар рекламаси ва уларни интернетда тарғиб қилиш давом этмоқда, бу эса она сути ўрнини босувчи маҳсулотларга бўлган талабни сунъий равишда оширишга хизмат қиляпти.

Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлигининг Delivery Unit офиси она сути билан озиқлантиришнинг афзалликлари ҳақида ахборот кампаниясини ўтказиш ташаббуси билан чиққан. Кампаниянинг мақсади — чақалоқ ва она учун эмизишнинг фойдалари ҳақидаги билимларни ошириш, ёш ота-оналарни эмизишни бошлаш ҳамда давом эттиришга ундашга ёрдам беради.

Ахборот кампаниясининг мақсадли аудиторияси ёш ота-оналар бўлгани сабабли, унинг элементларидан бири «Onasini emsin — бу сўкиниш эмас, шифокор тавсияси» ёзуви билан тизер баннерлар эди.

Мавзуга оид