Ота қизининг мусиқачи бўлишини хоҳлаган
Ҳифуми ва Ута Кобеда ўртаҳол оилада туғилган. Болакай 6 ёшида катта акасидан ўрнак олиб, дзюдога борган. Кейинчалик акаси спорт турини ўзгартирган, аммо Ҳифуми йўлида давом этган. Бироз вақт ўтгач, синглиси Ута унга эргашди. Қизиғи, уларнинг отаси бундан хурсанд бўлмаган, чунки у қизининг мусиқа билан шуғулланишини хоҳлаган. Бир қанча вақт уйдаги қаршилик давом этган, лекин Ута дзюдодан чекинмаган ва ҳатто акасидан ўзиб кетишни мақсад қилган.
«Ҳифуми доим мендан олдинда юрарди. У мен учун ҳаракатлантирувчи кучдир», — деганди Ута.

Иккаласи ҳам тезда ривожлана бошлашди. Ҳифуми 17 ёшида Токиодаги «Катта дубулға» турнирида ғалаба қозониб, эркаклар ўртасида энг ёш ғолибга айланди. Кейинчалик у турли мусобақаларда яна кўп маротаба зафар қучди, тўрт марта жаҳон чемпиони бўлди. Ута эса 15 ёшида Дюсселдорфда Гран-прини ютиб, тарихга кирди. Кейин «Катта дубулға» мусобақаларида муваффақиятлар ва акаси каби 4 бор жаҳон чемпионлигини қўлга киритди.

Олимпиадани ютиш эмас, унга чиқиш қийин бўлди
Ака ва сингил доим катта турнирларда бир кунда ғолиб бўлишни орзу қилишарди, аммо бу режа амалга ошмаслиги ҳам мумкин эди. Токио Олимпидаси олдидан Ҳифуми 66 килограммгача бўлган вазн тоифасида ўз мамлакати шарафини ҳимоя қиладими ёки йўқми, бу аниқ эмасди. Вазиятга ойдинлик киритиши керак бўлган Япония чемпионати эса Ковид-19 туфайли бекор қилинди. Натижада Япония дзюдо федерацияси жаҳон рейтингида 3-ўринни эгаллаб турган Ҳифуми ва 2-поғонадаги Ҳоширо Маруяма ўртасида жанг ўтказишга қарор қилди. Ғолиб Олимпиадага йўлланма оларди.
Ҳифуми 2017 ва 2018 йилги, Маруяма эса 2019 йилги жаҳон чемпиони эди. Уларнинг ўзаро тўқнашувларида тенглик қайд этилаётганди — 2:2.

Беллашувни бутун дунё жонли томоша қилди. Улар деярли 24 дақиқа курашишди. Маруяма икки марта шидо олди ва ҳужумга уринишларининг бирортасини ҳам муваффақиятли якунлай олмади. Тахминан 20-дақиқаларда Абэ «олтин очко»ни қўлга киритди. У ўнг оёғи билан рақиб оёғини илиб, Маруямани танаси билан қаттиқ туртиб юборди ва вазари ишлади.






















