Иқтисодиёт | 21:45 / 01.08.2024
23756
2 дақиқада ўқилади

Ҳукумат метан нархини қўйиб юборди. Асоссиз нарх оширишга йўл қўйилмайди

“Давлатнинг нархларни тартибга солишга аралашуви рақобат муҳитининг бузилишига олиб келди. Шу сабабли нархларнинг юқори чегараси бўлмайди, нархларни бозор белгилайди”, дея маълум қилди бош вазирнинг матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов. Давлат раҳбари ҳукуматга бозор механизмларини жорий этиш билан бирга, газ нархининг асоссиз ошириб юборилишига йўл қўймасликни буюрган.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда АГТКСлардаги метан газнинг максимал чакана нархини давлат томонидан белгилаш бўйича охирги 10 ой давомида амал қилиб келган расмий тартиб бекор қилинди.

Ҳукумат раҳбарининг матбуот котиби Бекзод Ҳидоятовнинг Kun.uz'га маълум қилишича, эндиликда давлат бу соҳада нарх белгилашга аралашмайди. Бу ҳақда 1 август куни бош вазир Абдулла Арипов ёқилғи-энергетика масалалари бўйича йиғилишда маълум қилган.

Арипов вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида ўтган йиғилишда таъкидлашича, давлат раҳбари истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида ҳукуматга бозор механизмларини жорий этиш билан бирга, газ нархининг асоссиз ошириб юборилишига йўл қўймаслик бўйича кўрсатмалар берган.

“Давлатнинг нархларни тартибга солишга аралашуви рақобат муҳитининг бузилишига олиб келади. Шу сабабли нархларнинг юқори чегараси бўлмайди, нархларни бозор белгилайди. Рақобат қўмитаси ва Бош прокуратурага нархларни барқарорлаштириш бўйича президент топшириғи берилди. Бу худди нон ва ғалла нархларини либераллаштириш мисолида бўлгани каби амалга оширилади”, – деди Бекзод Ҳидоятов.

Бекзод Ҳидоятов

Бош вазирнинг матбуот котибига кўра, метан газ нархларини белгилашдаги эркинлик “хоҳлаган ишини қилиш имконияти” дегани эмас. Нархларнинг сунъий равишда оширилмаслигини тўртта сектор раҳбарлари таъминлайди.

Ҳидоятов Андижонда метан газ нархини 3750 сўмдан оширмаслик (яъни ўзгаришсиз қолдириш) бўйича вилоят ҳокими томонидан топшириқ берилганига изоҳ бериб, бу ҳақиқатга тўғри келмаслиги, ҳокимликларга бундай кўрсатма берилмаганини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, июл ойида газ шохобчалари учун қўшимча талаблар белгиланган эди. Унга кўра, шохобчалар йил охиригача Uzinfocom тизимларига уланиши керак. Бу тизимлар АГТКШ орқали сотиладиган сиқилган газ сарфи ҳисобини, бевосита газ тарқатиш устунларидаги маълумотларни реал вақт режимида юритиш имконини беради.

Мавзуга оид