Иқтисодиёт | 15:31 / 01.08.2024
25668
2 дақиқада ўқилади

Пропан нархлари 25 фоизгача ошди. Рақобат қўмитаси текширув бошлади

Июл ойи давомида биржа савдоларида пропаннинг 1 тоннаси 6 млн сўмдан 7,5 млн сўмгача ёки 25 фоизга қимматлашган. Ҳолат бўйича Рақобат қўмитаси текширув бошлади. Шунингдек, 1 августдан эътиборан метан шохобчалардаги нархларга қўйилган чеклов муддати якунига етди ва бу турдаги ёқилғи нархи ҳам кўтарилди.

Фото: "Yandex Xaritalar"

Пропан нархи ёқилғи қуйиш шохобчаларида ўртача 4800-5000 сўмдан 6000-6200 сўмгача қимматлашгани айтилмоқда. Бу биржада нархлар ошгани ортидан рўй берган.

1 июл ҳолатига пропаннинг 1 тоннаси 6 млн 23,8 минг сўмдан сотилган бўлса, бу 31 июлга келиб 7 млн 538,5 минг сўмгача қимматлашган. Яъни июл ойи давомида ушбу маҳсулот баҳоси 25,1 фоизга ошган.

Расмий статистикага кўра, пропан нархи июл ойида 1,9 фоизга, йиллик ҳисобда 16 фоизга қимматлашган.

Рақобат қўмитаси биржа орқали реализация қилиниши белгиланган суюлтирилган газ маҳсулотининг қўйилиши ва сотилиши юзасидан тегишли ўрганишларни олиб бориб, қўшимча ахборот берилишини маълум қилди.

Расмий ахборотда келтирилишича, Рақобат қўмитаси ўз функцияларидан келиб чиққан ҳолда биржа савдоларида сотилаётган юқори ликвидли маҳсулотларнинг реализацияси ҳолатини доимий таҳлил қилиб келади, хусусан, суюлтирилган газнинг нархларини ошиши мумкинлигини олдиндан прогноз қилган ҳолда, унинг нархини барқарорлаштиришни таъминлаш мақсадида 15 июл куни тегишли чоралар кўриш юзасидан масъул регуляторга хабар юборган.

Аввалроқ, метан гази учун энг баланд нарх белгилаш муддати тугаши фонида нархлар 3750 сўмдан респбубликанинг турли ҳудудларида 3950 – 4250 сўмгача кўтарилгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид