Остонага йиғилган Марказий Осиё етакчилари жипслашиш зарурати ҳақида гапиришди. Хўш, минтақа давлатларини бунга ундаётган омиллар қайсилар? Тўсиқлар-чи? КХШТга аъзо Қозоғистоннинг МОда умумий мудофаа сиёсатига чорлови нимадан дарак беради? “Геосиёсат”да бу каби саволларни сиёсатшунослар Фарҳод Толипов ва Ойбек Сирожов таҳлил қилди.

Ойбек Сирожовнинг сўзларига кўра, Марказий Осиё давлатларига бирлашув бошқа давлатлар, масалан Россия ёки Хитой таъсиридан масофа сақлаш учун ҳам керак.

“Эътибор берадиган бўлсангиз, минтақада хавфсизлик масаласи долзарблашса, интеграция масаласи ҳам олдинга сурилади: 1992 йил, 1997 йилдаги воқеалар ёки Афғонистон воқеалари ҳам бунга мисол бўла олади”, дейди у.

Сирожов 1990-йилларда ҳам Марказий Осиё бирлиги бўйича бир нечта платформалар тузилгани, лекин булар ҳам ички, ҳам ташқи сабаблар билан муваффақиятли бўлмаганини эслайди. “Бу ерда минтақа давлатлари бирлашса, ким бошлиқ бўлади деган муаммо борлиги учун ҳам бу жараён сустлашмоқда. Шунингдек, бошқа йирик ташқи дунё давлатлари ўз ичимиздан турли муаммолар қўзғашга ҳаракат қилишди. Бу чегара ва сув муаммоларида кўринади. Бу эса бошқа давлатларга қўл келди”, дейди таҳлилчи.

Фарҳод Толиповга кўра, ўша вақтларда ОАВда ва илмий давраларда Марказий Осиё интеграциясига гўёки бошлиқ бўлиш борасида Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг имкониятлари таққосланган, бу борада рақобат кетмоқда деган фикрлар айлантирилган. “Лекин бу шунчаки афсона экани аён бўлган. Ҳаттоки бир саммитда Каримов ва Назарбаевларга бир журналист шундай мазмундаги саволни берганда, улар жуда қизиқ жавобни беришган эди. “Биз рақобат ҳеч қандай фойда келтирмаслигини тушуниб турибмиз, биздан кейин халқимиз қай аҳволда қолиши мумкинлигини ҳам биламиз ва шунга кўра изчил ҳаракат қилмоқдамиз”, деб жавоб беришган. Агар бошқа геосиёсий масалаларга аралашмасдан фақат Марказий Осиё интеграциясини устувор қўядиган бўлса исталган минтақа давлатлари бошлиқлари бунга муносиб, албатта”, – деди Фарҳод Толипов.

Шу ҳафта Остонада ўтган навбатдаги маслаҳат учрашувида Шавкат Мирзиёев миллий ID карталарни ўзаро тан олишга чақирди. Таҳлилчиларга кўра, бу ташаббуснинг амалга ошиши интеграция йўлида жуда катта қадам бўлган бўларди.

“Мен доим Европа интеграциясини бошқа давлатларга намуна сифатида кўрсатиш керак деб таъкидлайман. Европа ҳам кичик ҳаракатлар орқали умумий сиёсий жараённи амалга оширган ва бу уларга бир руҳлантирувчи ҳам бўлган. Ва мана бу биз кўриб турган Европа Иттифоқи шаклланди. Марказий Осиёда ID-карта орқали чегарадан ўтиш амалга оширилганининг ўзи ҳам интеграциянинг ривожланаётганидан далолат беради, бу Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида амалга оширилмоқда. Бешала давлат орасида эркин ҳаракатланиш имкониятининг вужудга келиши интеграциянинг муҳим асосларидан бири бўлади”, дейди Фарҳод Толипов.