Ўзбекистон Корея Республикасида бўлиб ўтган Ўрмонлар ва иқлим масалалари бўйича Корея – Марказий Осиё вазирлар форуми ва Вазирлар диалогида минтақада «яшил» ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қатор янги ташаббусларни илгари сурди.
Тадбирда Ўзбекистон президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси — Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов иштирок этди.
Форумда Ўзбекистонда кўкаламзорлаштириш ва деградацияга учраган ерларни тиклаш бўйича амалга оширилаётган ишлар тақдим этилди.
Маълум қилинишича, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида 1 миллиарддан ортиқ кўчат экилган. Мамлакатнинг кўкаламзорлаштириш даражаси 8 фоиздан 14 фоизгача ошган. 2030 йилга бориб ушбу кўрсаткични 30 фоизга етказиш мақсад қилинган.
Шунингдек, Орол денгизининг қуриган тубида қарийб 2 миллион гектар майдонда ўрмонзорлар барпо этилгани маълум қилинди.
Вазирлар диалогида Ўзбекистон «Корея – Марказий Осиё: Яшил ҳамкорлик» формати ҳамда «Марказий Осиёнинг яшил қалқони» ташаббусини амалий босқичга ўтказишни таклиф қилди.
Бунинг учун Корея Республикаси, БМТнинг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияси (UNCCD) ва Осиё ўрмон хўжалиги ҳамкорлик ташкилоти (AFoCO) иштирокида тажриба ҳудудларини белгилаш таклиф этилди. Шунингдек, аниқ ўлчанадиган кўрсаткичлар, амалга ошириш муддатлари ва молиялаштириш механизмларини ишлаб чиқиш назарда тутилган.

Саксовулзорлар учун рақамли атлас
Ўзбекистон томони саксовулзорларни сақлаш ва модернизация қилиш бўйича алоҳида минтақавий дастур яратиш ташаббусини ҳам илгари сурди.
Дастур саксовулнинг генетик хусусиятларини ўрганиш, уруғчилик технологияларини ривожлантириш, саксовулзорларни сунъий йўлдошлар орқали кузатиш ва сунъий интеллектдан фойдаланишни қамраб олиши кўзда тутилган.
Шунингдек, Марказий Осиёдаги саксовулзорларнинг ягона рақамли атласини яратиш таклиф қилинди.
Марказий Осиё учун углерод ҳаби
Ерларни тиклаш лойиҳаларига инвестиция жалб қилиш мақсадида Корея компаниялари ва молия институтлари иштирокида минтақавий углерод ҳабини ташкил этиш ташаббуси ҳам билдирилди.

















