Жаҳон | 13:26 / 13.08.2024
4282
2 дақиқада ўқилади

Чехия Украинага техника етказиб бериш доирасида Rheinmetall танкларини олади

Rheinmetall мудофаа концерни Германия ҳукуматидан Чехияга 14 та Leopard 2А4 танки ва 3 та Büffel зирҳли қутқарув машинасини етказиб бериш бўйича буюртма олди. Бунинг эвазига Прага Киевга бошқа ҳарбий техникани топширади.

Фото: Reuters

Германия Украинага қурол-яроғ топшириш бўйича келишув доирасида 14 та Leopard 2А4 асосий жанговар танклари ва 3 та Büffel зирҳли қутқарув машинаси (ЗҚМ)ни Чехияга топширади. Германиянинг Rheinmetall мудофаа концерни 12 август, душанба куни федерал ҳукумат тегишли буйруғини эълон қилди. Шундай қилиб, Чехия яна Германиядан замонавий ҳарбий техника олади ва совет типидаги танкларни Россиядан ҳимояланаётган Киевга «ҳалқа алмашинуви» деб аталадиган тамойилга мувофиқ ўтказади. 

Янги келишувнинг аниқ нархи ошкор қилинмаяпти. Баёнотда фақат бир неча юз миллион евро миқдори ҳақида гап кетаётгани кўрсатилади. Чехия ушбу буюртмадан биринчи танкни бу йил, қолганини 2025 йил апрел ойи охиригача, эвакуация воситаларини эса 2026 йил бошига қадар олади, дея маълум қилди Дюсселдорфдаги концерн. 

Таъкидланганидек, Чехияга бериладиган Leopard танклари бошқа мамлакатлар захираларидан олинган ва таъмирдан чиқарилган эскирган моделлардир. 

Чехия армиясини модернизация қилмоқда

Чехия ҳукумати йил бошида Германия билан Украинага янги танкларни етказиб бериш бўйича «ҳалқа алмашинуви» тамойили асосида музокаралар бошланганини эълон қилди. Бош вазир Петр Фиала таъкидлаганидек, бу Прагага Россия техникасига қарамлигини камайтириш ва Чехия армиясини модернизация қилиш имконини беради. Июл ойи охирида Чехия мудофаа вазири Яна Чернохова режалаштирилган алмашинувни тасдиқлади. 

Маълумотларга кўра, гап Швейцарияда сотиб олинган ва шартнома шартларига кўра, Украинага етказиб берилмайдиган танклар ҳақида кетмоқда. Ўз навбатида, Прага Чехия армиясида фойдаланишда бўлган Т-72 совет танкларини Киевга топширади.

Чехия ва Германия 2022 йил октябр ойида танкларнинг биринчи «ҳалқа алмашинуви»ни амалга оширди, шу вақт мобайнида Прага Германия мудофаа саноати омборларидан 14 та Leopard 2А4 танкини олди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид