Жаҳон | 13:40 / 17.08.2024
1384
3 дақиқада ўқилади

Россия суди Борис Акунинни «чет эл агенти» сифатида жаримага тортди

Москванинг Таганский туман суди Борис Акунинни 30 минг рубл миқдорида жаримага тортди. Суд уни «чет эл агенти» фаолиятига оид тартиб-қоидаларни бузганликда айбдор деб топди.

Фото: AP

Москванинг Таганский туман суди ёзувчи Борис Акунинни (Григорий Чхартишвили) «чет эл агенти» фаолияти тартибини бузиш моддаси бўйича маъмурий ҳуқуқбузарликда айбдор деб топди. Бу ҳақда 16 август, жума куни Москва шаҳар умумий юрисдикция судларининг Telegram-каналида маълум қилинди.

«Суд 30 минг рубл (307 евро) миқдорида маъмурий жарима кўринишидаги жазо тайинлади», — дейилади хабарда. 

Акунин Россия Ички ишлар вазирлигининг федерал қидирувига киритилган эди, кейинчалик у сиртдан ҳибсга олинган. 

Ёзувчи бир неча бор Россия ҳукумати ва шахсан Россия президенти Владимир Путин сиёсатини танқид қилган ҳамда Қримдаги воқеалар ва Украинадаги урушни очиқ қоралаган. 2014 йилдан бери Акунин Лондонда яшайди. 

Акунинга цензура босими 

Уруш бошланганидан кейин Акунин асарлари Россия Федерациясида кучли цензура босимига дучор бўлди. Унинг пиесалари асосида саҳналаштирилган спектаклларнинг афишаларидан ижодкор номи олиб ташланди, айрим театрлар спектаклларни бекор қилди. 2023 йил декабр ойи ўрталарида АСТ нашриёти ёзувчининг китобларини тарқатишни тўхтатаётганини эълон қилди. «Читай-город - Буквоед» дўконлар тармоғида ҳам савдо тўхтади. Хавфсизлик кучлари Акунин китобларини чоп этувчи Москвадаги «Захаров» нашриётида тинтув ўтказди.

Росфинмониторинг ёзувчини 2023 йил 18 декабрда «террорчилар ва экстремистлар» рўйхатига киритди. Кўп ўтмай, Россия Федерацияси Тергов қўмитаси ёзувчига нисбатан Россия Қуролли кучлари ҳақидаги «фейклар» ва терроризмни омма олдида оқлаш моддалари бўйича жиноий иш қўзғатилганини эълон қилди. 

«Ўзимни нотўғри тўхтаганлик учун тикет ёзиб берилган бин Лодин каби ҳис қиляпман» 

12 январ куни Россия Адлия вазирлиги Борис Акунинни «чет эл агентлари» рўйхатига киритди. 

Ёзувчи «чет эл агентлари» рўйхатига киритилганига ҳазил билан муносабат билдирди. «Бугун мен «чет эл агенти» деб эълон қилинганим ҳақида ёзишмоқда. Мени-я, террорчи ва экстремистни?! Ўзимни нотўғри парковка учун тикет ёзиб берилган бин Лодин каби ҳис қиляпман», - деб ёзган эди у январ ойида Telegram-каналида. 

Мавзуга оид