Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Панама АҚШ томонидан молиялаштириладиган рейслар орқали мигрантларни қайтаришни бошлади
Мамлакат президенти Мулино сайловолди кампаниясида ўтган йилнинг ўзида ярим миллиондан ортиқ мигрантнинг Жанубий Америкадан шимолга ўтишига хизмат қилган хавфли ҳудудни ёпишга ваъда берган.
Панама 20 августдан бошлаб Қўшма Штатлар томонидан молиялаштириладиган рейслар орқали ноқонуний мигрантларни қайтаришни бошлади, деб хабар беради BBC.
Ушбу қадам Хосе Раул Мулино Панама президенти сифатида қасамёд келтирганидан икки ой ўтиб ташланди. Мулино сайловолди кампаниясида ўтган йилнинг ўзида ярим миллиондан ортиқ мигрантнинг Жанубий Америкадан шимолга ўтишига хизмат қилган хавфли ёпишга ваъда берган.
Байден маъмурияти ноқонуний миграцияни чеклаш йўлидаги саъй-ҳаракатлари доирасида парвозлар харажатини қоплашга рози бўлган.
20 август куни 29 колумбияликдан иборат гуруҳ ортга қайтарилган. Панама ташқи ишлар вазири ва АҚШ ички хавфсизлик вазири ўринбосари Алехандро Майоркас томонидан имзоланган битимга мувофиқ, Қўшма Штатлар Панамага ноқонуний мигрантларни қайтариш бўйича логистика, транспорт ва техника харажатлари учун 6 миллион доллар ажратишга рози бўлган.
Иммиграция АҚШда ноябрь ойида ўтказиладиган президентлик сайловлари олдидан муҳим масала ҳисобланади ва Мексика орқали мамлакатга кириб келаётган мигрантлар оқими қаттиқ назоратга олинган.
Дариен коридори — Колумбия ва Панама ўртасидаги жунгли ўрмонлари бўлиб, Жанубдан Шимолий Америкага йўл олган фуқаролар учун табиий тўсиқ вазифасини ўтайди. Ҳисоб-китобларга кўра, 2023 йилда ушбу хавфли йўлни 520 мингга яқин одам пиёда босиб ўтган.
Президент Мулино Панама орқали ўтадиган мигрантлар сонини чеклашга ваъда бериб, ушбу вазиятни «афсусланарли» деб атаган. «Уларнинг аксарияти венесуэлалик. Бу одамлар… ажралишга мажбур бўлган оилалар, ўрмонни кесиб ўтиш вақтида ота-онаси ҳалок бўлган беш-олти ёшли болалар бор. Биз уларнинг кимлигини, ҳатто исмини ҳам билмаймиз», — дейди у.
Аввалроқ президент рейслар орқали биринчи навбатдаги колумбиялик мигрантлар қайтарилишини маълум қилганди. Панамага олиб келинган мигрантларни Колумбия ўз ватанига олиб кетиш-кетмаслиги ҳозирча номаълум.
Минтақадагилар агар Венесуэладаги сиёсий инқироз яқин вақтлар ичида бартараф этилмаса қочоқлар оқими ортиб кетиши мумкинлигидан хавотирда. Сайлов олдидан ўтказилган сўровларда аксарият венесуэлаликлар Николас Мадуро президент этиб қайта сайланса, мамлакатни тарк этишларини билдирган.
Мавзуга оид
15:47 / 13.01.2026
Кипер: Россия Панама ва Сан-Марино байроқлари остидаги кемаларга ҳужум қилди
10:47 / 02.01.2026
Германияга ноқонуний киришлар сони 2 йил ичида икки баравар камайди
20:32 / 11.11.2025
Ўзбекистон ўсмирлари Панамага 6 та гол урди
12:16 / 06.11.2025