Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Германияга ноқонуний киришлар сони 2 йил ичида икки баравар камайди
2023 йилда Германия федерал полицияси мамлакатга ноқонуний киришнинг 127 549 та ҳолатини қайд этган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 62 526 тани ташкил этди. 2024 йил сентябридан — чегараларда текширувлар жорий этилганидан кейин 67 918 та уриниш аниқланган.
Фото: Daniel Karmann/dpa/picture alliance
Германияга ноқонуний киришлар сони 2025 йилда 2023 йилга нисбатан икки бараварга камайган. Бу ҳақда ГФР федерал полицияси статистикасида айтилади, уни 1 январ, пайшанба куни dpa агентлиги эълон қилди.
Ушбу маълумотларга кўра, икки йил аввал полиция Германияга ноқонуний киришнинг 127 549 та ҳолатини қайд этган. Айрим ойларда бу кўрсаткич 20 000 тагача етиб борган. 2024 йилда ГФР полицияси мамлакатга ноқонуний кириш бўйича 83 572 та уринишни рўйхатга олган, 2025 йилда эса — атиги 62 526 тани.
2024 йил сентябридан Германиянинг барча ташқи чегараларида ҳужжатларни текшириш амалга оширилмоқда, 2025 йил майидан эса улар айниқса синчковлик билан ўтказиляпти. Шу давр ичида, яъни 2024 йил сентябридан буён, полиция 67 918 та ноқонуний кириш уринишини аниқлаган. Бунда 46 426 нафар хорижий фуқарога тўғридан тўғри чегарада ёки чегарани ноқонуний кесиб ўтгани сабаб кириш рад этилган.
Бундан ташқари, Германияга қайта киришга тақиқ қўйилган 2 513 нафар хорижий фуқарога ҳам қайта кириш рад этилган. Шунингдек, федерал полиция маълум қилишича, одам савдоси/ноқонуний олиб ўтиш (контрабанда) билан шуғулланган 1 945 киши қўлга олинган.
Германия кирувчи Шенген ҳудуди доирасида давлатлар орасида саёҳат қилганда одатда ҳужжат текшируви назарда тутилмайди. ГФР чегараларида ҳужжат текширувлари вақтинчалик чора сифатида жорий этилган, аммо бугунги кунга келиб уни икки марта узайтиришган.
2025 йил май ойида ГФРнинг янги ички ишлар вазири Александер Добриндт мамлакат ташқи чегараларини назорат қилиш чораларини кучайтирган. Шундан буён федерал полиция чегаранинг ўзидаёқ киришни рад этиш ҳуқуқига эга бўлди, жумладан бошпана сўраш истагини билдирганларга ҳам. Фақат “заиф (ҳимояга муҳтож) гуруҳлар” — масалан, ҳомиладорлар ёки беморлар учун истисно қилинган.
Мавзуга оид
09:20
Германияда полиция ходимларига ҳужумлар бўйича тезкор судлар ўтказиш талаб қилинди
09:40 / 31.12.2025
Германия соҳиллари ёнидан илк бор Россиянинг «зомби-танкери» ўтди
09:36 / 31.12.2025
Германия тарихидаги энг йирик ўғрилик: банкдан 90 млн евро ўмарилди
16:16 / 30.12.2025