2024 йилда астрофизиклар бир нечта ноёб астрономик ҳодисалар ҳақида эълон қилди: кометалар учиши, қуёш тутилиши, метеор ёмғирлари ва ниҳоят, сайёраларнинг катта паради. Навбатдаги парад 28 август куни юз бериши кутилмоқда. Уни қандай кузатиш кўпчиликка қизиқ.

Сайёралар паради нима?

Сайёраларнинг саф тортиши — астрономик атама бўлиб, бунда икки ва ундан ортиқ сайёра Қуёшнинг бир томонида тўғри чизиқда ёки бир-бирига яқин 20-30 градусли бурчакда жойлашади. Сайёралар паради эса ушбу ҳодисага бериладиган норасмий таъриф. Хусусан, NASA ўз нашрларида “сайёралар паради” атамасини қўллайди, шунинг учун бу ном оммавий ахборот воситаларида ҳам кенг тарқалган.

Сайёралар парадининг турлари

Иштирок этган сайёралар сонига қараб, парадлар қуйидаги турларга ажратилади:

Мини сайёраларни паради — 3 та сайёра;

Кичик сайёралар паради — 4 та сайёра;

Катта сайёралар паради — 5 ёки 6 та сайёра;

Улкан (жами) сайёралар паради — 7 та сайёра (баъзан Плутон билан).

Осмонда икки сайёранинг учрашиши конвергентсия ёки бирикма дейилади.

Одамларга таъсири борми?

Ушбу ҳодисанинг инсон организмига таъсири етарлича ўрганилмаган. Ижтимоий тармоқларда ҳодиса баъзиларнинг кайфиятига таъсир қилиши айтилади.

Тарихнинг турли даврларида мунажжимлар “сайёралар паради” ҳар хил муаммолардан дарак беришига ишонган. Мисол учун, 1962 йилги парадни улар дунёни ядро уруши ёқасига олиб келган воқеалар — Куба ракета инқирози билан боғлаган. 1989 йилги парад эса гўёки Совет Иттифоқи парчаланишини бошлаб берган.

Аммо танқидчилар бундай тахминларни асоссиз деб ҳисоблайди.

Кейинги сайёралар паради қачон бўлади?

2024 йилги сайёраларнинг навбатдаги паради 28 август куни юз бериши кутилмоқда. Меркурий, Марс, Юпитер, Уран, Нептун, Сатурн Қуёшнинг ёнида бир чизиқда саф тортади. Космик ҳодисани кўриш учун вақтни тўғри танлаш зарур: ҳодиса ишқибозлари ўз яшаш жойида тонг отиш вақтини аниқлаши ва ундан камида бир соат олдин осмонни кузата бошлаши керак бўлади. Ҳудудларда сайёралар паради қандай ва қайси вақтда кўринишини текшириш учун Starwalk Space Sky Tonight иловасини юклаб олиш тавсия этилмоқда.