Naked Science нашри Global Times’га таяниб ёзишича, Хитой Фанлар академиясининг Шанҳай астрономия обсерваторияси кичик илмий ходими бу ҳақда «Нега биз Марсга йўл оляпмиз?» номли мақоласида баён қилган.

Биринчи вазифа — Ер ва Марс ўртасида ахборот алмашинувини таъминлаш. Бу космик аппаратлар билан алоқа қилиш ва уларнинг ҳаракат йўналишини аниқ белгилаш учун муҳим.

Чжаннинг айтишича, Шанҳай астрономия обсерваторияси раҳбарлигида ишлаб чиқилган радиоинтерферометрия тизими Марсга йўл олган аппаратлар траекториясини юқори аниқликда ҳисоблаш ва уларни орбитага чиқаришга ёрдам беради. Мазкур технология «Тянвэн-1» миссиясида синовдан ўтказилган.

Иккинчи вазифа — икки сайёра ўртасида юк ва намуналарни ташишни йўлга қўйиш. Инсоният Марсга космик аппаратлар юборишни ўрганган, аммо у ердаги моддаларни Ерга қайтаришнинг амалда синалган технологияси ҳозирча мавжуд эмас.

Хитой бу йўналишда «Тянвэн-3» миссиясини амалга оширишни режалаштирмоқда. Уни тахминан 2028 йилда учириш, Марс тупроғи намуналарини эса 2031 йил атрофида Ерга олиб келиш кўзда тутилган.

Учинчи вазифа — Марсда инсон ҳаётини таъминлаш. Қизил сайёрада ҳарорат жуда паст, радиация даражаси юқори, тортишиш кучи заиф ва атмосфера босими паст. Сув ҳамда кислороддан фойдаланиш имкониятлари ҳам чекланган.

Олимнинг таъкидлашича, одамларнинг яшаши ва илмий тадқиқотлар ўтказиши учун Марснинг маҳаллий ресурсларидан қандай фойдаланиш мумкинлигини аниқлаш керак.

Шунга қарамай, Чжан Марсни инсоният Ер — Ой тизими чегарасидан ташқарига чиқишида эришиш мумкин бўлган мақсад деб ҳисоблайди.

Унинг тушунтиришича, Меркурий Қуёшга жуда яқин, Венерадаги шароит эса ўзлаштириш учун ўта ноқулай. Бошқа осмон жисмлари анча узоқда жойлашган.

Марсда эса сийрак атмосфера ва сув музи бор. Сутка давомийлиги ҳамда фасллар алмашинуви Ердагига ўхшайди. Тадқиқотчига кўра, шу хусусиятлар Қизил сайёрани сайёралараро цивилизация сари йўлда муҳим оралиқ босқичга айлантириши мумкин.