«Реал»нинг даҳшатли таркибини бу мавсумда тўхтатиб қолиши мумкин бўлган биргина тўсиқ — клубдаги сурункали жароҳатлар ва уларнинг ҳайрон қоларли даражада бир хил типдалиги. Ўтган 12 ой мобайнида «Қироллик клуби»нинг 6 нафар футболчиси хочсимон пайлар узилиши билан бутун бошли мавсумни ўтказиб юборадиган жароҳатларни орттириб олишди.

14 август куни Мадрид клуби Варшавада УЕФА Суперкубогида ғалаба қозонди. Яна бир титул «қаймоқранглилар» мухлисларини хурсанд қилгани бор гап, аммо Камавинганинг ўйинолди расмий машғулотда олган жароҳати байрам тўлиқ татишига йўл қўймади. Жамоадошларининг атрофига жамланиши ва ундан кейинги кадрда Анчелоттининг қўлидаги таймерни ерга жаҳл билан улоқтиришининг ўзи ушбу жароҳат қай даражада жиддийлигини кўрсатиб улгурганди. Аммо улар қўрққан нарса содир бўлмади: Камавинганинг хочсимон пайлари узилмаган экан. Бироқ барибир Эдуардо тизза пайларини чўзиб олгани сабаб камида 7 ҳафтага сафдан чиқди.

Футболчиларнинг хавотири ва италиялик мураббийнинг реакциясини тушуниш мумкин. Сўнгги пайтларда мадридликларда бу типдаги жароҳатлар кўпайиб кетди. Ўтган йили августда Тибо Куртуа мавсумолди йиғиндаёқ пайларини узиб олди ва мавсумнинг сўнгги учрашувларигагина қайта олди. «Атлетик Билбао»га қарши очилиш учрашувида эса Эдер Милитао худди шундай жароҳат билан майдонни замбилда тарк этди.

Кейин эса навбат Давид Алабага келди ва декабр ойида у ҳам хочсимон пайлар узилиши билан мавсумни якунлайдиган бўлди. Май ойида у яна бир операцияни бошидан ўтказишга мажбур бўлди ва энди у қачон қайтиши номаълум. Ҳозирча октябр ойида қайтиши тахмин қилинмоқда, лекин тикланиш жараёни боришига қараб австриялик ҳимоячи майдонга қайтиши чўзилиши мумкин.

Камавинганинг жароҳати август ичида юз берган кўнгилсизликларнинг охиргиси эмас. Ундан беш кун аввал АҚШ турнесидан бери «Реал» асосий жамоаси билан машғулотлар ўтказа бошлаган 17 ёшли истеъдодли ҳимоячи Хоан Мартинеснинг хочсимон пайлари узилди ва «Кастиля» таркибига Раул томонидан янги мавсум учун жалб этилиши кутилаётган футболчи бутун мавсумни ўтказиб юборадиган бўлди. «Милан»га қарши ўртоқлик ўйинида ўринбосарлар вакили Сесар Паласиос, июл ойида академиянинг яна бир тарбияланувчиси Дани Месонеро худди шундай ташхис билан касалхонага ётқизилди. Бу каби бир хил жароҳатлар бир клуб, унинг устига «Реал»да кузатилиши нормал ҳолат эмас. Бу клубда футболчилар билан ишлашда қандайдир хатоликка йўл қўйилаётганини билдиради.