Путиннинг самолёти душанба куни кечқурун Мўғулистон пойтахти Улан-Баторга қўнди. Бу ерда уни фахрий қоровул кутиб олди, у ўз йўлига тўшалган қизил гилам бўйлаб ўтди.

Сешанба куни тонгда Улан-Батор марказида, Мўғулистон президенти қароргоҳида Путинни расмий кутиб олиш маросими ўтказилди.

Россия раҳбари Мўғулистон президенти Ухнаагийн Ҳурэлсуҳ таклифи билан ушбу мамлакатга ташриф буюрди, ТАСС агентлиги бундай таклиф Пекинда 2023 йил кузида ўтказилган учрашувда берилганини эслатган.

Путин Улан-Баторга етиб боришидан кўп ўтмай Украина ТИВ расмий вакили Георгий Тихий мўғул ҳукуматининг Халқаро жиноий суд суди ордери бўйича Россия президентини ҳибсга олмасликка қарор қилганини қоралади.

Ҳаагада жойлашган суд Путин кенг кўламли босқиндан кейин Украинадаги болалар Россияга ноқонуний депортация қилинишида жавобгарлигини даъво қилади.

«Мўғулистон ҳукуматининг Путинни ҳибсга олиш тўғрисидаги мажбурий қарорни бажармагани — Халқаро жиноий суд ва халқаро жиноий ҳуқуқ тизимига оғир зарба бўлди, — дейилган украиналик дипломатнинг телеграм-каналидаги хабарда. — Мўғулистон айбланаётган жиноятчига одил судловдан қочиш имконини берди ва шу тариқа унинг ҳарбий жиноятлари учун масъулиятга шерик бўлди. Биз ҳамкорлар билан бу Улан-Батор учун оқибатларга эга бўлиши устида ишлаймиз».

Душанба куни Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков яна бир бор Москвадагилар Путин ХЖС ордери бўйича Мўғулистонда ҳибсга олиниши мумкинлиги борасида хавотирланмаётганини билдирди. «Мўғулистон билан бундай муаммо йўқ», — дея Песковдан иқтибос келтирган ТАСС агентлиги.

Халқаро жиноий суддагилар бу борада нима дейди?

Ўтган ҳафта охирида ХЖС матбуот котиби, доктор Фади Ал-Абдулла BBC билан суҳбатда суд аъзоси бўлган мамлакат «Рим статутининг IX бобига кўра ҳамкорлик қилиш мажбуриятини олиши»ни айтганди.

Душанба куни Мўғулистон пойтахтидаги ҳукумат комплексида Украинани қўллаб-қувватлаб акция ўтказилди

Бу келишувда агар уларнинг бажарилиши бошқа давлат олдидаги «олдинроқ тузилган шартнома мажбуриятларини бузиш» ёки учинчи давлат вакилларининг дипломатик иммунитетини ёки мулкини бузишга олиб келадиган бўлса, аъзо давлатлар ўз мажбуриятларидан озод этилиши мумкинлиги ҳақида банд ҳам бор.