Жаҳон | 13:17 / 03.09.2024
8134
3 дақиқада ўқилади

Украина Путинни ҳибсга олмагани учун Мўғулистонга оқибатлар билан таҳдид қилди

Мўғулистон РФ президенти Владимир Путинни ҳибсга олишдан воз кечиб, Халқаро жиноят суди ва халқаро жиноят ҳуқуқига «оғир зарба» берди, деди Украина ТИВ расмий вакили Георгий Тихий.

Фото: kremlin.ru

«Мўғулистон айбланаётган жиноятчига одил судловдан қочиш имконини яратди ва шу билан унинг ҳарбий жиноятлари учун масъулиятни ҳам ўз гарданига олди. Биз ҳамкорларимиз билан бу Улан-Батор учун оқибатлари келтириб чиқариши учун ишлаймиз», — деб ёзган Тихий Х ижтимоий тармоғида.

Россия президенти Владимир Путин 2 сентябр куни Мўғулистонга икки кунлик расмий ташриф билан келди. У бу ташрифни Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурэлсухнинг таклифига биноан амалга оширган. Кремлдагилар ташриф СССР ва Мўғулистоннинг «Халхин-Гол дарёсида япон милитаристлари устидан ғалаба» қозонилганининг 85 йиллигига бағишлаб амалга оширилаётганини таъкидлаган.

Россия президентининг Улан-Баторга ташрифи олдидан Украина ТИВ Мўғулистонни «ҳисга олиш учун халқаро мажбурий ордерни бажариш ва Путинни Ҳаагадаги халқаро жиноят судига топишириш»га чақирган эди.

ХЖС вакили Фади ал-Абдулла ҳам Мўғулистонда «суд билан ҳамкорлик қилиш мажбуриятлари борлиги»ни эслатиб, мамлакат унинг қарорларини бажариши шартлигини таъкидлаган.

«Ҳамкорлик бўлмаган ҳолатларда ХЖС судялари тегишли қарор чиқариб, иштирокчи давлатлар ассамблеясини бундан хабардор қилишлари мумкин. Шундан сўнг ассамблея мақсадга мувофиқ деб топилган ҳар қандай чораларни қабул қилиши лозим», — деган ал-Абдулла.

Bloomberg маълумотларига кўра, Мўғулистон ҳокимияти Путинни ташриф чоғида ҳибсга олмаслик кафолатини берган. РФ матбуот котиби Дмитрий Песков Кремлда бўлажак ташрифдан асло хавфсирамаётгани, чунки «ташрифнинг барча жабҳалари синчиклаб тайёрлангани»ни таъкидлаган.

Мўғулистон Халқаро жиноят суди ишлаши учун асос бўладиган Рим статутини 2002 йилда ратификация қилган. 2023 йилда мамлакат вакили икки йиллик даврга ХЖСнинг судяси этиб сайланган.

Путиннинг Мўғулистонга ташрифи Ҳаага суди томонидан 2023 йилда берилган ордер бўйича уни ҳибсга олиши лозим бўлган мамлакатга илк ташрифи бўлди. Путин Украинанинг оккупация қилинган ҳудудларидан болаларни Россияга ноқонуний депортация қилишда айбланмоқда. Ордер, шунингдек, Россиянинг болалар ҳуқуқлари бўйича вакили Мария Лвова-Беловага ҳам чиқарилган. Суд уни украиналик болаларни кўчириш тизимидаги асосий фигуралардан бири деб ҳисобламоқда.

Мавзуга оид