Курск яқинида чегарага яқин икки район аҳолиси эвакуация қилинмоқда
Расмийлар Курск областининг Украина билан чегарадош Рилский ва Хомутовский районлари аҳолиси мажбурий эвакуация қилинишини билдирди.
Россия Федерациясининг Украина билан чегарадош Курск области Рилский ва Хомутовский районларида чегарадан 15 километр узоқликда ва ундан ҳам яқинроқда жойлашган аҳоли пунктларидан тинч аҳолини мажбурий эвакуация қилиш амалга оширилади. Бу ҳақда 16 сентябр, душанба куни регион губернатори Алексей Смирнов маълум қилди.
«Маҳаллий аҳолининг чиқиб кетиш жараёнини мувофиқлаштириш хавфсизлик кучлари, маҳаллий маъмурият ва «Патриот» Курск марказига юкланган. Ҳурматли юртдошлар, сиздан ҳозирги вазиятга тўғри муносабатда бўлишингизни ва барча тавсияларга амал қилишингизни сўрайман», — деб ёзди Смирнов Telegram-каналида.
Украина БМТ ва ХҚХҚни Курск областида ҳуқуқни ҳимоя қилишга жалб этади
Украина ҳукумати эса БМТ ва Халқаро Қизил Хоч қўмитасига Украина қуролли кучлари назорати остидаги Курск области ҳудудида гуманитар саъй-ҳаракатларга қўшилиш илтимоси билан мурожаат қилди. Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига 16 сентябр куни эрталаб Х ижтимоий тармоғида: «Украина уларнинг ишига ҳисса қўшишга ва халқаро гуманитар ҳуқуққа содиқлигини исботлашга тайёр», деб ёзди.
Бир неча кун олдин Россия Федерацияси Курск области Суджа шаҳри ва Суджа райони аҳолисининг қариндошлари Россия ва Украина президентларига, шунингдек, икки давлат омбудсманлари Татяна Москалкова ҳамда Дмитрий Лубинецга илтимос билан мурожаат қилишди. Улар тинч аҳолини ҳудуддан олиб чиқиш учун гуманитар коридор ташкил этиш ва аҳолини эвакуация қилиш бўйича музокараларни бошлашга чақирди.
«11 сентябр куни Россия армияси Суджага ҳужум бошлади, агар Украина қуролли кучлари шаҳарда ҳимояланишга қарор қилса, тинч аҳолининг омон қолиш эҳтимоли минималдир», — дейди мактуб муаллифлари. Уларга кўра, Украина армияси назорати остидаги Курск области аҳоли пунктларида камида 698 нафар тинч аҳоли қолмоқда. «Булар асосан кетишга улгурмаган ва эвакуацияси ташкил этилмаган кекса одамлардир», - дейилади хабарда.
Украина қуролли кучларининг Курск областидаги ҳужуми
Украина қуролли кучлари 6 август куни Россия Федерациясининг Курск области ҳудудига ҳужум бошлади. Президент Зеленский операцияни Россия ҳудудида «буфер зона» яратиш зарурати билан изоҳлади. Унинг фикрича, Украина қуролли кучларининг Курск областидаги ҳужуми рус қўшинларининг режалаштирилган ҳужум операцияларини тўхтатди, унинг мақсади, эҳтимол, Украина шимоли-шарқида фаол ҳарбий ҳаракатлар зонасини кенгайтириш бўлган.
Шу билан бирга, Киев Курск области аҳолисига гуманитар ёрдам етказилиши, Украина ва Россия Федерациясига эвакуация қилиниши ҳақида бир неча бор эълон қилган. Сентябр ойида Россия қуролли кучлари минтақада қарши ҳужум бошлади.
Мавзуга оид
08:41 / 14.12.2024
РФ «ҳарбий мухбирлари»: КХДР аскарлари Курск областида жанг қилмоқда
16:04 / 27.11.2024
Курск суди УҚК сафида жанг қилган британияликни ҳибсга олди
07:50 / 27.11.2024
Россия Мудофаа вазирлиги ATACMS билан Курск аэродромига зарба берилганини тасдиқлади
15:06 / 24.11.2024