Жаҳон | 09:20 / 18.09.2024
2353
3 дақиқада ўқилади

Lufthansa Group Тел-Авив ва Теҳронга парвозларни тўхтатди

Lufthansa Group Ливанда «Ҳизбуллоҳ» пейжерлари портлаши ортидан Тел-Авив ва Теҳронга парвозларни тўхтатди. Гуруҳ Исроилга «тегишли жазо» билан таҳдид қилди.

Фото: AP / Michael Probst

Хавфсизлик билан боғлиқ вазият кескин ўзгаргани сабабли Lufthansa Group авиакомпаниялари Тел-Авив ва Теҳронга барча рейсларни тўхтатишга қарор қилди. Бу ҳақда 17 сентябр, сешанба куни Lufthansa матбуот хизмати маълум қилди.

Қарор қабул қилинишидан аввал Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати жангчилари ишлатган пейжерлар Ливанда оммавий равишда портлагани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Байрут ва ҳаракат вакиллари воқеада Исроилни айблади. Улар яҳудий давлати ўз қилмишлари учун «тегишли жазо» олишини айтишди.

19 сентябрга қадар Lufthansa Group авиакомпанияларининг барчаси Исроил ва Эрон ҳаво ҳудудини четлаб ўтади.

Чипталарни бепул қайта брон қилиш мумкин

«Lufthansa Group вазиятни диққат билан кузатишда давом этмоқда ва яқин кунларда уни баҳолашда давом этади», — дея қўшимча қилинди хабарда.

«Биз йўловчиларимизга етказилган ноқулайликдан афсусдамиз ва бекор қилинган рейсларга чипта олган йўловчилар билан алоқадамиз», — дейилади компания хабарида. Йўловчилар чипталарни кейинги муддатга бепул қайта брон қилиш ёки чиптанинг тўлиқ нархини олиш имкониятига эга бўладилар.

Пейжер портлашлари натижасида камида 2800 киши жароҳатланган

Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 17 сентябр куни хабар беришича, пейжер портлашлари оқибатида камида 2800 киши жароҳатланган ва 9 киши ҳалок бўлган.

Ҳалок бўлганлар орасида «Ҳизбуллоҳ» етакчиларидан бирининг ўғли, шунингдек, 10 ёшли қиз ҳам бор. Қурбонлардан бири Эроннинг Байрутдаги элчиси Можтаба Аманидир, дея хабар беради Fars агентлиги.

Яқин Шарқдаги кескинлашув

2023 йил 7 октябр куни эрталаб Ҳамаснинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

Ҳамаснинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида Ҳамасга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 41 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид