Табиий офат Марказий ва Шарқий Европага ёпирилган «Борис» бўрони туфайли келиб чиққан.
Полшанинг жануби-ғарбида жойлашган Ниса шаҳри мэри маҳаллий аҳолини яқин атрофдаги кўлдаги тўғон бузилиши эҳтимоли ва шаҳарга катта миқдорда сув кириб келиши мумкинлиги туфайли баландроқ жойларга ўтишга чақирган.
«Илтимос, ўз нарсаларингиз, ўзингиз, яқинларингизни эвакуация қилинг. Зудлик билан биноларнинг юқори қаватларига кўтарилиш керак, чунки тўлқин баландлиги бир неча метрга етиши мумкин. Бу бутун шаҳар сув остида қолиши мумкинлигини англатади», — дея ёзган Кордиан Колбярц.
Полша бош вазири Доналд Туск сув тошқинидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш учун бир миллиард злотий (260 млн доллар атрофида) ажратилишини маълум қилган ва Полша Евроиттифоқдан ёрдам сўраб мурожаат қилганини қўшимча қилган. Туск ҳукумати фавқулодда ҳолат режимини эълон қилган.
Бутун мамлакат бўйлаб минглаб кишилар хавфсиз жойларга кўчирилган. Кўплаб жойларда йўллар ювилиб кетган ва сув остида қолган, поездлар ҳаракати тўхтатилган.

Словакияда Дунай дарёсидан тошиб чиққан сув Братиславанинг эски шаҳар қисмини сув остида қолдирган. Маҳаллий нашрларга кўра, сув сатҳи 9 метр баландликка кўтарилган ва бу давом этиши кутилмоқда.
Дунайнинг қуйи оқими ўтувчи Венгрияда ҳам яқин кунлар ичида сув сатҳи кўтарилишига тайёргарлик кўрилмоқда. Дунай бўйлаб 500 км масофадаги ҳудудларни сув босиши хавфи юзага келган. Дарёда сув сатҳи ҳар 24 соатда бир метрга кўтарилмоқда.
Будапешт мэрияси сув тошқинларидан ҳимояланиш учун қум тўлдирилган миллион қоп тайёрлаган. Шаҳардаги айрим трамвай линиялари фаолиятини тўхтатган, дарё бўйидаги йўллар душанба куни кечқурун ёпилган. Шунингдек, Будапешт ва Вена орасида поездлар ҳаракати тўхтатилган.
Венгрия бош вазири Виктор Орбан X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида «Венгриядаги экстремал об-ҳаво ва давом этаётган сув тошқинлари туфайли» барча халқаро ташрифларини қолдиргани ҳақида маълум қилган.

Энг кучли ёғингарчилик Чехияда кузатилган. Мамлакат шимоли-шарқидаги Есеник шаҳрида пайшанба куни тонгдан бери 473 мм ёғингарчилик тушган, бу эса бир ойлик нормадан беш баравар кўп.









