«Ҳизбуллоҳ»нинг қўшни Ливандан Исроилга қарши ҳужумлари фонида Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу жангчиларга янги жавоб зарбалари билан таҳдид қилди. «Охирги кунларда биз «Ҳизбуллоҳ»га улар тасаввур ҳам қила олмаган бир қанча зарбаларни бердик. Агар «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати бу хабарни тушунмаган бўлса, мен ваъда бераманки, кейингиларини аниқ тушунади», — дея 22 сентябр, якшанба куни Исроил бош вазирининг сўзларидан иқтибос келтирган AFP агентлиги. 

Шу билан бирга, Нетаняҳу ўз баёнотида яна бир бор ўзи бошчилигидаги вазирлар маҳкамаси «Ҳизбуллоҳ»нинг Исроил шимолига ҳужумларини тўхтатишга ҳаракат қилишини, бу ҳудудларни тарк этишга мажбур бўлган одамлар ўз уйларига қайтишини таъкидлади. «Ҳеч бир давлат ўз фуқароларига ҳужумларга, шаҳарларига қилинган ҳужумларга тоқат қила олмайди, биз - Исроил давлати ҳам уларга тоқат қилмаймиз», деди у.

Исроил Ливан ҳудудига зарбалар берди

22 сентябр куни эрталаб Исроил мудофаа армияси ракеталар отилганидан сўнг Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати объектларига зарба берганини маълум қилди.

ЦАҲАЛ маълумотларига кўра, 22 сентябр куни эрталаб Ливандан Исроил шимолидаги Ҳайфа ҳудудига 85 та ракета учирилган. Уларнинг аксарияти Исроил ҳаво мудофааси томонидан уриб туширилган, бироқ баъзи ракеталар ўз нишонларига етиб борган. Умуман олганда, «Ҳизбуллоҳ» жангчилари Исроил шимолига 115 та ракета учирди.

Исроил қутқарув хизматларининг хабар беришича, Ливандан ўққа тутилиши натижасида Ҳайфа ҳудудида камида уч киши яраланган. Бундан ташқари, бир қанча бинолар ва автомобилларга зарар етган.

Аввалроқ, 20 сентябр куни Исроил Байрутга ҳаво ҳужуми уюштирди. Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 22 сентябр ҳолати бўйича камида 45 киши ҳалок бўлган. Шу билан бирга, «Ҳизбуллоҳ»нинг юқори мартабали қўмондони Иброҳим Оқил ва «Радван» махсус кучларининг Ҳамас жангчиларини қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳарбий операциялари қўмондони Аҳмад Маҳмуд Ваҳбий ҳалок бўлди. «Ҳизбуллоҳ» Оқил ва Ваҳбийнинг ўлимини тасдиқлади. Айни пайтда, AP агентлигининг ёзишича, зарба қурбонлари орасида аёллар ва болалар ҳам бор.

Ливанда «Ҳизбуллоҳ» пейжер ва рацияларининг портлаши

Икки кун давомида бутун Ливан бўйлаб «Ҳизбуллоҳ» жангчилари фойдаланадиган пейжерлар, рациялар ва радиостанцияларнинг катта портлашлари содир бўлди. Умуман олганда, мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, гаджетлар портлашлари оқибатида камида 26 киши ҳалок бўлган, 3500 дан ортиқ киши жароҳатланган.