Исроил Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, 7,3 миллион сайловчининг 31,5 фоизи соат 12:00 гача овоз берган – бу 1970 йиллардан бери шу вақтдаги энг юқори кўрсаткич. Участкалар маҳаллий вақт билан 22:00 да (Тошкент вақти билан 01:00 да) ёпилгач, экзит-полл натижалари эълон қилинади, тўлиқ натижалар эса 29 октябрда кутилмоқда.

AP нашрининг ёзишича, Исроил тарихида бирор партия 61 ўринлик кўпчиликни ёлғиз қўлга киритмаган, шу боис асосий кураш блоклар ўртасида кечмоқда.

Уч йирик телеканалнинг 23 октябрдаги сўнгги сўровларида бош вазир Бинямин Нетаняҳу бошчилигидаги коалиция 50, мухолифат блоки эса 52–56 ўрин олган. Араб партияларининг 14–16 ўрни бу ҳисобга кирмайди: икки блокнинг аксарият етакчилари улар билан иттифоқни рад этган. Фақат Нетаняҳуга яқин 14-канал сўрови ҳукмрон коалицияга кўпчилик берган. Ҳеч ким ҳукумат туза олмаса, 2027 йил бошида янги сайлов бўлади, унгача Нетаняҳу вақтинчалик бош вазир бўлиб қолади.

Бош вазирликка асосий номзодлар

Кўпчилик бу сайловни Нетаняҳуга бериладиган баҳо деб билмоқда. Жами 19 йил ҳукуматни бошқарган Нетаняҳу – Исроилнинг энг узоқ ишлаган бош вазири. У коррупция айбловлари бўйича судда жавоб бермоқда, бироқ айбловларни рад этади.

Нетаняҳу кампаниясини хавфсизлик мавзусига қурди. У Эронга қарши урушни АҚШ президенти Доналд Трамп билан бирга фақат ўзи бошқара олишини айтган. Шунингдек, у агар рақиблари ғалаба қозонса, Фаластин давлати тузилишидан огоҳлантирмоқда. Трамп ҳам 18 ва 25 октябр кунлари Нетаняҳуни очиқ қўллаб-қувватлаб, «Биз бошлаган ишни охирига етказишимиз керак!» деб ёзди.

Чапдан: Гади Айзенкот ва Бинямин Нетаняҳу / Фото: Reuters

Нетаняҳунинг асосий рақиби – армия Бош штабининг собиқ бошлиғи, «Яшар» партияси раҳбари Гади Айзенкот. Уч йирик телеканал сўровларида «Яшар» 22–23 ўрин билан «Ликуд»дан (19–21) олдинда.

Айзенкот 7 октябрдаги хатоларни текшириш учун давлат тергов комиссияси тузиш ва ультра-ортодоксларни ҳам ҳарбий хизматга чақиришни ваъда қилмоқда. Мухолифат блокига собиқ бош вазир Нафтали Беннетнинг «Бирга» иттифоқи ва яна икки партия ҳам киради. Бироқ блок ягона номзодни расман эълон қилмаган.