Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 25 сентябрь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки Бошқарувчилар кенгаши IX йиллик йиғилишининг очилиш сессиясида иштирок этди.
Саммитнинг асосий мавзуси – "Барча учун барқарор инфратузилма яратиш". Кун тартибидан глобал иқтисодиёт ва молия соҳаларидаги долзарб масалалар, Осиё ва дунёнинг бошқа минтақаларида инфратузилмани ривожлантиришнинг стратегик дастурлари ва режаларини муҳокама қилиш ўрин олган.
Давлатимиз раҳбари йиғилишда нутқ сўзлади.
- Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилиши минтақамизда илк бор ўтказилмоқда. Бунинг учун Ўзбекистон танлангани ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган ҳамкорлигимизнинг юксак намунаси, деб ҳисоблаймиз, - деди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон етакчиси ҳозирги кунда дунёда мураккаб геосиёсий вазият сақланиб қолаётганини, глобал иқтисодиётда беқарорлик кучайиб, озиқ-овқат ва энергия ресурслари тақчиллиги ортиб, экологик муаммолар кескинлашиб бораётганини таъкидлади.
Ер юзи аҳолисининг тўртдан бир қисми тоза ичимлик суви муаммосига дуч келмоқда, қарийб 800 миллион киши ўта қашшоқлик шароитида яшаяпти.
Маҳсулот етказиб беришнинг анъанавий логистика занжирлари бузилмоқда, бу эса хомашё ресурслари ва истеъмол товарларининг қимматлашувига олиб келди.
Буларнинг барчаси инфратузилмага бўлган юкламани кескин оширади ва иқтисодий ривожланишга тўсиқ бўлади.
2030 йилгача дунёда янги инфратузилма яратиш учун 15 триллион доллар инвестиция талаб этилади, хорижий инвестициялар оқими эса сўнгги икки йил давомида йилига 10 фоизга камайиб, молиявий ресурслар нархи 2 баробарга ошган.
Бундай шароитда халқаро молия ташкилотларининг роли тобора ортиб бормоқда.
Жорий лойиҳа портфели 55 миллиард доллар бўлган Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки қисқа вақт ичида етакчи молия институтларидан бирига айлангани алоҳида таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотлар ва янгиланишлар сиёсатига алоҳида тўхталиб ўтди.
Иқтисодиётни эркинлаштириш, аҳоли турмуш даражаси ва даромадларини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди. Ушбу мақсадларга эришишда халқаро молия институтлари, шу жумладан ОИИБ билан ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.

















