Жаҳон | 11:54 / 29.09.2024
13486
2 дақиқада ўқилади

Собиқ совет давлатлари тарих дарсликларида Россия салбий образда тасвирланаётганидан шикоят қилинди

Россия собиқ СССРнинг бир қатор давлатларидаги тарих дарсликларида салбий образда тасвирланган. Россия фанлар академиясининг ижтимоий фанлар бўйича илмий ахборот институти ходимлари шундай хулосага келишган.

Фото: ЎзА

Хусусан, дарсликларда Россия ўзи эгаллаган ерлардаги халқларни эзган ва уларнинг маданиятига таъсир ўтказган мустамлакачи барқудрат давлат бўлгани ёзилган, деган РБКʼга тадқиқот ҳаммуалифларидан бири Разил Гузаеров. Россия фанлар академияси бундай ахборотлар Россияга нисбатан салбий муносабат шаклланиши, келгусида ксенофобия ва русофобия ўсишига сабаб бўлишини таъкидламоқда.

Мисол тариқасида Қозоғистон кўрсатилган, бу ердаги дарсликларда Россия истилоси табиий ресурсларни эксплуатация қилиш ва аҳолини назоратга олишга йўғрилган ҳарбий-мустамлакачилик сиёсати ўлароқ тасвирланган. Дарсликларда оммавий ўлимлар ва норозиликларга сабаб бўлган 1921 йилги очарчиликка катта эътибор қаратилган, Столипиннинг кўчириш сиёсати эса ижтимоий можаролар манбайи сифатида тилга олинган.

Озарбойжонда совет ҳокимиятининг ўрнатилиши келгусида халқни эзиш учун ҳарбий босқин сифатида тасвирланган. Замонавий дарсликлар Қорабоғ можаросини яратишда Россиянинг ролини ҳам таъкидлайди.

Арманистоннинг янги дарсликлари Шарқий Арманистон куч ишлатиб Россияга қўшилгани ҳақида ҳикоя қилади. Аввалроқ ҳаттоки Россия Ташқи ишлар вазирлиги бу дарслик материалини «провокация» деб атаб, муносабат билдирган. 

Ўзбекистонда Россия империяси ва совет иттифоқи мустамлакаси миллий ўзлик ва мамлакат иқтисодиётига зиён етказган давлатлар ўлароқ тасвирланган.

Қирғизистон ва Тожикистоннинг таълим материалларида Россиянинг таъсири бироз ижобий тасвирланган, айниқса советлар даврида иқтисодиёт ва таълимнинг ривожланиши контекстида.

Россия нафақат собиқ СССР республикалари дарсликларида салбий кўринишда тасвирланган. Масалан, Исроилдаги дарсликларда Россия империяси ва совет иттифоқи антисемит давлатлар сифатида тилга олинган. Эрондаги дарсликларда Россия сиёсати Эроннинг ички ишларига аралашиш, биринчи навбатда Россиянинг ўзи учун манфаатли бўлган режимларни қўллаши контекстида ҳикоя қилинган.

Мавзуга оид