Ўзбекистонда айрим ҳокимларнинг деҳқон-фермерларга муносабати ҳамон 18-асрда АҚШдаги плантаторларнинг қора танли қулларга муносабатини эслатмоқда. Бу – соҳанинг янги босқичга чиқишига тўсиқ бўляпти. Хоразм вилояти Янгибозор тумани ҳокими мисолида буни яққол кўришимиз мумкин.
Ўзбекистоннинг аксар қисми бу – қишлоқлар. Айнан қишлоқдаги яхши муҳит, у ердаги одамларнинг яхши кайфияти бутун мамлакатдаги ҳолатга таъсир этади. Қишлоқ эса қишлоқ хўжалиги билан чамбарчас боғлиқ. Қишлоқ хўжалигида ҳолат яхшиланиши, деҳқонлар ўзини яхши ҳис қилиши, ўзини эркин деҳқон ўлароқ ҳис қилиши бу – қишлоқлардаги ҳолатнинг яхшиланишига олиб келади, бу эса бутун мамлакатдаги ҳолат яхшиланишига олиб келади, бунга шубҳа йўқ.
Кўп йиллардан бери деҳқонлар – фермерларнинг ишига давлат идоралари аралашмаслигини, соҳада соғлом бозор муносабатлари юзага келишини ёқлаб келяпмиз. Нега?
Чунки ҳолат айнан шундай кўриниш олса сиз билан биз ўша – орзумиздаги, обод, мамлакат бюджетига кўпдан-кўп фойда келтирадиган ва энг асосийси, қишлоқ аҳлининг ҳаётини кўркам ҳолатга келтирадиган қишлоқ хўжалигига гувоҳ бўламиз.
Кунора хунук хабарлар тарқалиб, руҳимизни хуноб қилмайдиган, халқнинг ҳисобидан маош олиб, халққа ҳисобдор эканини унутиб қўйган жойлардаги мансабдорнинг деҳқонларни таҳқирлаш видео ва аудиоси тарқалиб турмайдиган қишлоқ хўжалигига гувоҳ бўламиз. Кўплаб ижтимоий-иқтисодий муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўладиган қишлоқларга гувоҳ бўламиз. Аммо бунга эришишимиз қийин бўляпти.
Сабаблар ва ечимлар ҳақида ҳали алоҳида гаплашамиз, бошқа кўрсатув доирасида. Бугун эса мисол тариқасида фақат бир мансабдор, бир ҳоким ҳақида гаплашамиз. Бу – бир мисол, холос. Мисоллар эса кўп.
Хоразм вилоятидаги Янгибозор тумани ҳокими Руслан Жуманиязов. Бир йил олдин тарқалган аудиода ҳоким фермерни ўта ёмон сўзлар билан ҳақорат қилади:
“Қаеринг оғриди дейман? Калланг айланиб, қон қуюқлашиб қолибдими (ҳақорат сўзлар)? Нега мажлисга келмайсан (ҳақорат сўзлар)? Нега келмайсан (ҳақорат сўзлар)? Мелиса юриши керакми изингдан? Кимсан сен ўзи (ҳақорат сўзлар)? Кабинетимга биринчи келган кунинг айтдим-ку (ҳақорат сўзлар)? Изингдан одам қўйишим керакми (ҳақорат сўзлар)?”
Биз сизларга тиниқроқ чиққан ва бизга етиб келган аудиони эшиттирдик. Тиниқ чиқмаганлари ва бизга юборилмагани қанча.
Аммо бу ҳаммаси эмас.














