Ўзбекистон яна камида уч йил экология ва одамлар саломатлигига зарарли АИ-80 бензинидан ҳамон фойдаланаётган саноқли давлатлар қаторида қоладиган бўлди. Ҳукумат бу бензиндан воз кечиш бўйича 2025 йилга мўлжаллаган режасини 2028 йилга кечиктирди.
Ўзбекистонда автомобил ёқилғисининг Евро-4 стандартидан паст турлари, хусусун АИ-80 бензинидан фойдаланиш 2028 йилдан бошлаб тўхтатилади. Бу – чанг бўронларига қарши курашиш ва ҳаво сифатини яхшилаш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисидаги президент қарорида назарда тутилган.
Қайд этиш лозим, жорий йил бошида ҳукумат Аи-80дан воз кечишни 2025 йилги мақсад деб эълон қилган эди. Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ҳам 2025 йилдан бошлаб бу турдаги бензинни ишлаб чиқаришни тўхтатишини билдирган эди. Эндиликда бу масала 2028 йилгача кечиктирилди. Расмийлар буни Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини модернизация қилиш учун вақт кераклиги билан изоҳлади.
АИ-80 бензини Eвро-4 стандартидан паст бўлган ёнилғи ҳисобланади. Бу стандарт Европа Иттифоқида 2005 йилда жорий этилган. Умуман, Евроиттифоқ енгил автомобиллар учун Eвро-1 дан Eвро-7гача бўлган эмиссия стандартлари ишлаб чиққан бўлиб, бу орқали атмосфера ҳавосини тоза сақлаб қолиш учун автомобилларнинг заҳарли газини чеклаш мақсад қилинган. Европа Иттифоқи 2015 йилда Eвро-6 стандартини ҳам жорий этган, бир қатор ҳудудларга бу стандартга жавоб бермайдиган транспорт воситаларининг кириши тақиқланиб, қоидани бузган ҳайдовчиларга жарималар белгиланган.
АИ-80 саноқли мамлакатларда қолган
Ҳозир дунё бўйича ишлаб чиқарилаётган деярли барча автомобиллар юқори октанли ёқилғида ишлашга мўлжалланган. АИ-80 каби паст октанли турлари ёниши натижасида кўп миқдорда углерод оксиди ва ёнмаган углеводородлар каби ифлослантирувчи моддалар ҳосил бўлади. Бу эса аҳоли саломатлигига зарарли. Қолаверса, транспорт чиқиндилари иқлим ўзгаришини ҳам тезлаштирувчи омиллардан бири ҳисобланади. Шу сабабли кўплаб мамлакатлар экологик қоидаларни борган сари қаттиқлаштириб боряпти.














